Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўл делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
Жорий йил 12-14 апрель кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўл делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маълумотига кўра, Афғонистон делегациясига Афғонистон темир йўл бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарофат бошчилик қилди.
Афғонистон вакиллари Ўзбекистон ушбу йсоҳадаги шўаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасида кўраётган чора-тадбирлар ва кўрсатилаётган катта ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Учрашувда меҳмонлар Афғонистон «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақида айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларни рад этди. Бахтурраҳмон Шарофат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш ниятини алоҳида таъкидлади. Афғонистон делегацияси Ўзбекистон билан ҳамкорликда 2011 йилда ишга туширилган «Ҳайратон-Мозори-Шариф» темир йўл линиясини фаолиятидан тўла мамнунлик билдирди.
Музокаралар чоғида Афғонистон томони «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда ташилаётган юклар ҳажмини оширишга, шунингдек, Наибабот ва Мозори-Шариф станциялари реабилитациясини тезлаштиришга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш ўқув марказига ташриф ташкил этилди. Бундан ташқари, меҳмонлар афғонистонлик ёш темир йўл мутахассислари амалий машғулотлар ўтаётган «Термиз» локомотив депосидаги ўқув маркази фаолияти билан танишди. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Ҳайратон станцияси базасида ўзбекистонлик темир йўлчилар билан биргаликда афғон темир йўллари мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш учун дала ўқув марказини яратиш режалаштирилган.
Афғонистон делегацияси янги темир йўл лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади, мамлакат Марказий ва Жанубий Осиё интеграциялашуви лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдорлик билдирилди. Шу муносабат билан «Мозори-Шариф-Кобул–Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масаласига музокараларда алоҳида эътибор қаратилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Медиа-маркази Ўзбекистон-Афғонистон музокаралари ҳақидаги ахборот материалида журналистлар ва ОАВ вакилларига мурожаат йўллаб, геосиёсат билан боғлиқ мавзуларни ёритиш масалаларига билим билан ёндашишни, ҳар хил ҳавола ва репостлардан фойдаланишда ҳамда хабарларни талқин қилишда эҳтиёт бўлишни, энг муҳими маълумотларни қайта-қайта текширишни сўраган.