Таълим ва маданият масканлари лойиҳалари кўриб чиқилди

19 Apr 2022

Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган эди. Қарорда мазкур университет учун ер ажратиш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда замонавий ўқув кампуси лойиҳаси ишлаб чиқиш ва қуриш вазифаси белгиланган.

Тадимотда дастлаб ушбу лойиҳа кўриб чиқилди. Университет учун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчаси бўйида 30 гектар ер ажратилган. Мажмуа лойиҳаси Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Унга кўра, бу ерда 5 та факультет учун ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт саройи ва стадион барпо этилади.

Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.

Давлатимиз раҳбари мажмуани сифатли қуриш, ўқув биноларида буюк алломаларимиз сиймоси ва меросини акс эттириш, ёшларнинг ўқиши ва ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Яна бир лойиҳа келгусида давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган. Унга кўра, биноларнинг архитектураси ва тарихий қийматини сақлаб қолган ҳолда ички шароитларини яхшилаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Жаҳондаги машҳур музейлар тажрибаси асосида экспонатларнинг кўримлилигини ошириш, тарихий ашёларни безарар сақлаш, келувчиларга қулайликлар яратиш бўйича ҳамма жиҳатлар инобатга олинган. Бу ишлар натижасида музейларнинг кўргазма майдони кенгайиб, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадорлиги ошади.

Яшнобод туманидаги “Технопарк” ҳудудида аквапарк барпо этиш лойиҳаси ҳам истиқболли. Бунинг учун ҳозирда фойдаланилмай турган бино билан бирга 4,5 гектар ер мўлжалланган. Мажмуа тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этилади. Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, тамаддихона, ўйин майдончалари бўлади.

Маълумки, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунга мутаносиб равишда, Юнусобод туманидаги Астрономия парки ҳудудида гуллар боғи барпо этиш режалаштирилган. Бу жой аҳолининг маданий дам олиши, пойтахтимиз экологияси яхшиланиши учун яна бир омил бўлади.

Тақдимотда шаҳарлараро йўл инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Поп тумани билан Наманган шаҳри ўртасидаги автомобиль йўлини кенгайтириш лойиҳаси кўриб чиқилди.

Президентимиз бу ҳудуднинг рельефини инобатга олиб, йўлни ҳайдовчиларга қулай қилиб қуриш, инсонлар хавсизлигини биринчи ўринга қўйиш зарурлигин таъкидлади.

Related