Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 апрель куни маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Бу вазифалар ижроси, кўп жиҳатдан, ҳудудлардаги иқтисодиётга боғлиқ. Шу боис, яқинда тадбиркорликни ривожлантириш учун 500 миллион доллар ва 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши белгиланди. Айни пайтда тадбиркорларни энг безовта қилаётган солиқ маъмурчилиги, текширувлар, рухсатномалар тартиби енгиллаштирилди.
Йиғилишда шу ишларни қуйи тизимда ташкил этиб, маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги фармонига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди. Бу – янги тизим. Уни тўғри йўлга қўйиб олиш жуда муҳим.
Шу боис йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, улар уч ой давомида 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 та тоифага ажратган. Хонадонларнинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 36 фоизи ўзига тўқ оилалар экани аниқланган. Шунга қараб, маҳаллий раҳбарлар фаолияти манзилли ташкил этилиб, минглаб фуқароларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашилган.
Шу уч ойда ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилган. Натижада жойларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилган, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилган.
Давлатимиз раҳбари энг яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини мукофотлашга кўрсатма берди.
Лекин ҳали натижа сезилмаётган маҳаллалар кўп. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шундай ҳудудлар кўрсатиб ўтилди ва уларнинг ҳокимлари огоҳлантирилди. Бир қатор шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, сектор бошлиқлари вазифасидан озод қилинди.
– Одамларни рози қилмаган, инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўрганишлар давомида “қониқарсиз” деб баҳоланган маҳаллалардаги ҳолатни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунинг учун бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобидан 800 миллиард сўм ажратилади.
Энди ҳар бир маҳалла ихтисослашуви бўйича қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Мисол учун, 2 минг 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади.
Умуман, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларда 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтирса бўлади. Президентимиз шу мақсадда бундай маҳаллаларда микро саноат марказлари ташкил этиш ташаббусини маъқуллади.
Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилиши, ушбу марказлар 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши белгиланди.
Шунингдек, жойларда аниқланган бўш бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, уларни сотиш ёки ижарага беришдан тушган маблағларни ўша маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлаш зарурлиги қайд этилди.
Хотин-қизлар ва ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлашда қулай йўналиш бу – касаначилик. Шу мақсадда бугун Ўзбекистон Президентининг касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қарори имзоланди.
Энди, касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга оилавий тадбиркорлик дастуридан 500 миллиард сўм йўналтирилади. Кредитлар бўйича Тадбиркорлик жамғармасидан 75 фоизлик кафиллик берилади ҳамда фоиз харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, касаначиларга ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби, фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади, олис ҳудудда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади.
Вилоят ҳокимларига ушбу имкониятлардан фойдаланиб, эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Юртимизда 2 мингдан зиёд маҳалла хизматлар соҳасига ихтисослашган. Бундай ҳудудларни кўпайтириш мақсадида, аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллаларда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу марказлар ҳам 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар, уларнинг ёрдамчилари маҳаллабай ишлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалари бўйича ахборот берди.