Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон жорий йил 2-3 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.
Икки биродар мамлакат етакчиларининг музокаралари кун тартибидан Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор соҳаларида амалий саъй-ҳаракатларни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, энергетика ва бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда анъанавий яқин ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишлари кўзда тутилган.
Саммит якунида икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, олий даражадаги ташрифга тайёргарлик доирасида жорий йил 30 май куни Душанбе шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши самарали бўлди.
Эртага, саммит арафасида, Тошкент шаҳрида етакчи корхоналар иштирокида бизнес-форум ҳамда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шерикликни изчил кенгайтириш ва унинг катта салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.