Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва давлат қурилишида Биринчи Президентимизнинг улкан хизматлари борлигини ҳурмат билан ёдга оламиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан унинг хотираси абадийлаштирилди, мақбараси барпо этилди. Ислом Каримов таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш анъанага айланди.
Фидойиларини эъзозлаган халқ ҳамиша ҳурматга сазовор. Хотира тадбири бунинг яна бир ифодаси бўлди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон манфаати йўлида қилган ишлари, инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ўтган маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, шаҳар жамоатчилиги иштирок этди.
Биринчи Президентимизнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.