Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, ҳар йили 7 миллион гектарга яқин унумдор ерлар жаҳон қишлоқ хўжалиги айланмасидан тортиб олинмоқда, ҳар йили дунёда 7 миллион киши ҳаво ифлосланиши таъсиридан вафот этмоқда, 2025 йилга бориб эса, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи сифатли сув истеъмолидан маҳрум бўлиши мумкин.
Юртимизда аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, шу кунларда қизғин давом этаётган Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ҳужжат, янгиланаётган Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, ундаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Мазкур лойиҳада аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда.
Жумладан, Конституциядадавлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма киритилмоқда.
Конституцияни 49-моддасига киритилаётган ўзгартиришэса, аҳолига атроф-муҳит, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини бериши, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши билан муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши белгилаб ўтилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу ўзгартиришларнинг аҳамияти шундан иборатки, унда, биринчидан, фуқароларнинг экологик бурчи Конституция даражасида мустаҳкамланади; иккинчидан, Конституциянинг ушбу нормалари нафақат фуқароларнинг табиатни муҳофаза қилиш, балки экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга ҳамда экологик хавфсизлик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Авазбек ХОЛБЕКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти