Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Урганч шаҳридаги «UzXCMG» қўшма корхонасига ташриф буюрди.
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги ушбу корхона 2014 йилда ташкил этилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ хўжалиги техникаларини йирик бўғинли йиғиш, иккинчисида саноат усулида йиғиш, учинчисида эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда бу ерда 13 хил экскаватор, 10 турдаги махсус техника ишлаб чиқарилмоқда. Сув хўжалиги, қурилиш ва йўл таъмирлаш соҳалари учун ўта зарур бўлган бундай техникалар илгари валюта эвазига хориждан келтирилар эди. Эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервисда кўп қийинчиликлар бор эди.
Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бу заруратни ҳал этиш билан бирга вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртимиздаги ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида бажариш имконини бермоқда.
Шу кунга қадар корхонада халқаро стандартлар асосида 2 мингга яқин махсус техника ишлаб чиқарилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошган. Энди маҳсулотларни чет элга, жумладан, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Экскаватор ва махсус техникалар буюртма асосида ишлаб чиқарилиши ҳам мумкин.
Тожикистонлик меҳмонлар заводдаги иш жараёнини, қишлоқ хўжалиги машиналари ва махсус техникаларни кўздан кечирди.