Давлат қарзи барқарорлиги ва унга таъсир этувчи омиллар

21 May 2020

Маълумки, Covid-19 пандемиясининг тарқалиши ортидан бутун дунё давлатлари иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг маълум қилишича, пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил 3,0 фоизга пастлаши кутилмоқда.

Инқирознинг таъсирини юмшатиш учун бугунги кунда давлатлар жуда катта миқдорда қўшимча бюджет харажатларини амалга оширмоқда. Масалан, Халқаро валюта жамғармаси маълум қилишича, дунё бўйича жами фискал чора-тадбирлар миқдори 8 трлн. доллардан ошган. Бироқ, мазкур миқдорнинг тақсимотига назар ташласак, харажатларнинг катта қисми ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ривожланган давлатларда инфляция суръати жуда пастлиги ва энг муҳими, давлат қарзлари асосан уларининг миллий валютасида эканлиги катта ҳажмдаги харажатларни амалга ошириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар бундай чора-тадбирларни амалга ошира олмайди. Сабаби, мазкур давлатларда давлат қарзи асосан хорижий валютада ва инфляция суръати баланд. Қўшимча фискал харажатлар валюта курсига босим ўтказиши, инфляция жараёнларини кучайтириши ва охир оқибатда макроиқтисодий барқарорликка путур етказиши мумкин. Шунинг учун, ривожланаётган давлатлар харажатларни оптималлаштиришга ёки ташқи манбалардан маблағ жалб этишга мажбур бўлади.

Глобал ҳамжамиятнинг бир бўғини сифатида инқирознинг салбий таъсири Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Инқирозга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонда ҳам 5969-сонли Президент фармон билан махсус жамғарма ташкил этилиб, унда 10 трлн. сўм шакллантирилиши ва маблағларнинг асосий манбаси этиб халқаро молиявий ташкилотлардан жалб этиладиган қарзлар кўрсатиб ўтилди. Мазкур қарзлар имтиёзли шартларда берилишини ҳисобга олсак, улар қарз барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмайди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига 17,6 млрд. долларга тенг бўлиб, ЯИМга нисбатан 30,5 фоизни ташкил этади. Қарзнинг асосий қисмини ташкил этувчи ташқи қарз эса жорий йилнинг бошига 15,6 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 27,0 фоизга етди. Давлат ички қарзи эса 2,0 млрд. долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,5 фоизни ташкил этмоқда.

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларда қабул қилинган тўловга лаёқатлилик ва ликвидлилик кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 30,5 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 23,8 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда (1-жадвал).

1-жадвал. Ўзбекистоннинг ташқи қарз бўйича тўловга лаёқатлилик ва ликвидлилик кўрсаткичлари, 2019 йил

Кўрсаткичлар Жаҳон банки ва ХВЖнинг даромади паст давлатлар учун қарз юкини кўтариш даражаси тавсиявий меъёрлари (%да) Ўзбекистон кўрсаткичи
Кучсиз Ўртача Кучли  
Ташқи қарзнинг экспорт ҳажмига нисбати 140 180 240 87%
Ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 30 40 55 27,0%
Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг экспорт ҳажмига нисбати 10 15 21 4,5 %
Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг бюджет даромадларига нисбати 14 18 23 4,9%
Жами давлат қарзининг ЯИМга нисбати 35 55 70 30,5%

 

Пандемияни енгиб ўтгандан кейинги шароитида давлат қарзи, хусусан давлат ташқи қарз барқарорлиги билан боғлиқ қуйидаги хавф-хатарлар мавжуд бўлиши мумкин:

  • ЯИМнинг келгусидаги ўртача ўсиш сурати (5,56%) ва жойлаштирилган халқаро облигациялар (Евробондлар) фоиз ставкаси ўртасида тафовутнинг юқори эмаслиги сабабли кейинги Евробондлар эмиссияси ташқи қарз барқарорлигини хавф остига қўяди;
  • мамлакат суверен кредит рейтинги нисбатан паст ва халқаро облигациялар бўйича фоиз (купон) ставкаси юқорилиги шароитида давлат иштирокидаги йирик компаниялар ёки тижорат банклари томонидан Евробондлар чиқарилган ҳолатда инвесторлар томонидан юқори даромадлилик талаб этилади. Бу эса ташқи қарзга хизмат қилиш кўрсаткичларига салбий таъсир этади;
  • қарз юкини кўтариш даражаси бўйича Ўзбекистоннинг “юқори” тоифага киритилиши мамлакатнинг халқаро резервлари миқдорига юқори таъсирчанлиги шароитида қарз барқарорлиги кўрсаткичларининг хавфсиз миқдорларини ҳам қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Ташқи қарзи билан боғлиқ юқоридаги хавф-хатарларни пасайтириш ва монетар мустақилликни сақлаш учун:

  • ҳукуматнинг суверен ва давлат иштирокидаги компаниялар (банклар) халқаро облигацияларини эмиссия қилишини чегаралаш;
  • юқори инфляция шароитида кўплаб давлатлар тажрибаси асосида инфляциядан ҳимоя қилинган давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш ва шу орқали ташқи қарзга бўлган талабни нисбатан риски паст бўлган ички қарз билан қондириш;
  • халқаро кредитлар ва қарзлар ҳисобига молиялаштириладиган ва амалга ошириладиган лойиҳаларни мамлакат иқтисодий ўсиш суратига таъсир этиш нуқтаи-назаридан иқтисодий жиҳатдан баҳолаш механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

 

Х.Асадов, сектор мудири

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази,

Ўзбекистон Республикаси

 

Related