Жорий йил 1 – 7 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг бир неча ҳудудларида Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги бўлиб ўтади.
Халқаро ҳафталик доирасида зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган кўргазмалар, семинарлар, илмий-амалий анжуманлар ва маданий-маърифий тадбирлар, шунингдек, тематик сувенир маҳсулотлари тарғиботи ўтказилади. Тадбир иштирокчиларини қуйидагилар кутмоқда:
– Самарқанд шаҳридаги янги “Силк Роад” сайёҳлик марказида Халқаро зиёрат туризми ҳафталигининг расмий очилиши, “Ўзбекистоннинг ислом мероси” анжумани, миллий куй ва қўшиқлар фестивали (Тадбирнинг биринчи куни – 1 ноябрь);
– Регистонда “Кўнгил оҳанглари” фестивали, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат (Тадбирнинг иккинчи куни – 2 ноябрь);
– “Мир Араб мадрасаси битирувчилари” форуми, Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат (Тадбирнинг учинчи куни – 3 ноябрь);
– Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида “Замонавий ислом меъморчилиги” ва Бухоро шаҳридаги «Нақшбанд» ҳунармандчилик марказида “Ислом хаттотлиги ва декоратив дизайни” кўргазмалари (Тадбирнинг тўртинчи куни – 4 ноябрь);
– Ичан қалъа марказида “Маҳмуд аз-Замахшарий илмий мероси”га бағишланган анжуман, “Хива – ислом олами туризми пойтахти” мавзусига бағишланган “Жаҳон усталари” халқаро ҳунармандчилик кўргазмалари ва турли халқлар амалий санъат усталари ва ҳунармандларининг ярмаркаси, Хивада “Нажмиддин Кубро кўрсатмалари” конференцияси (Тадбирнинг бешинчи куни – 5 ноябрь);
– “Ислом иқтисодиёти” мавзусига бағишланган давра суҳбати, “Миллий либослар” кўргазмаси, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси билан танишув (Тадбирнинг олтинчи куни – 6 ноябрь);
– “Ташкент Ситй” конгресслар залида “Ҳалол туризм” анжумани, «Наврўз» истироҳат боғида “Ҳалол таомлар” фестивали, Халқаро зиёрат туризми ҳафталигининг ёпилиш маросими, “Ташкент Сити”да гала-концерт (Тадбирнинг сўнгги куни – 7 ноябрь).
Шунингдек, ҳафталик доирасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказиш режалаштирилган.
«Дунё» АА