25 апрель куни Ўзбекистон пойтахтида «Иннопром. Марказий Осиё» Халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Бу минтақада инвестициявий, саноат ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган энг йирик тадбирдир.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги тадбир ташкилотчилари ҳисобланади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, кўргазманинг асосий мақсади инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишига янги туртки бериш учун муштарак манфаатлар кесишадиган нуқталарини кашф этиш, шунингдек, ўзаро манфаатли лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида ҳудудлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқот ўрнатиш билан изоҳланади.
Бу йил кўргазмада қатнашиш учун МДҲ мамлакатлари, Франция, Италия, Голландия, Ҳиндистон, Ирландия ва Япониядан 5000 нафардан зиёд иштирокчилар, 200 дан ортиқ хорижий компаниялар ва бизнес делегациялари рўйхатдан ўтишди. Шунингдек, Россия, Тожикистон, Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Мўғулистондан расмий делегациялар ҳам ташриф буюрди.
Кўргазманинг биринчи кунидаги муҳим воқеа «Марказий Осиё: технологик жиҳатдан кескин ривожланиш макони» шиори остида ўтказилган асосий ялпи мажлис бўлди. Унда иштирокчи мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Беларусь саноат вазири Петр Пархомчик, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Даниёр Амангелдиев, Арманистон иқтисодиёт вазири Ваган Керобян, Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабиров ва бошқа расмийлар қатнашдилар.
Ялпи мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон делегацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Ўзбекистон томонидан кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шаффоф бозор иқтисодиётини шакллантириш ва унда хусусий секторнинг ролини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва савдо тўсиқларини бартараф этиш борасида эришилган муваффақиятларни санаб ўтди. Шунингдек, у мамлакатнинг иқтисодий ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида ҳам фикр юритди. Улар қаторига самарали маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, саноатни рақамлаштириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда тўлиқ товар ва хом ашё занжирларини яратиш орқали юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталини ривожлантириш ва ташқи савдони эркинлаштириш ҳам киради.
«Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг улкан салоҳиятига эга. Бугунги воқелик биздан Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамлар қўйишни талаб этмоқда. Бизнинг иқтисодий ҳамкорлигимиз кўлами анча кенгроқ бўлиши ва бир-бирини тўлдириб, самарали кооперация асосида ривожланиши мумкин. Биз Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён Марказий Осиёдаги ҳар бир қўшни давлат ва бошқа бир қатор давлатлар билан доимий равишда иқтисодиётларимиз имкониятларини бирлаштириш ва саноат кооперацияси йўналишида кескин ривожланишга эришиш учун «ўсиш нуқталарини» топиш мақсадида иш олиб бормоқдамиз», деди Сардор Умурзоқов ўз нутқида.
Ўз навбатида, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бу йилги кўргазманинг халқаро ва иқтисодий жиҳатдан ривожланишга йўналтирилганлигини таъкидлади. «Иннопром» сўзи ўзида бугунги кунда жаҳон миқёсидаги саноат ҳамкорлигига кооперация алоқалари қанчалик кириб бориши кераклигини белгилайди. «Иннопром» – бу халқаро саноат кооперацияси демак. Бу сиёсий эмас, балки мамлакатларимиз иқтисодиётларини ривожлантириш учун асос бўла оладиган, янги кооперация алоқаларини жорий этаётган иқтисодий ва амалий платформадир», деди у.
Сессия доирасида иштирокчилар саноат кооперацияси ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан ўзаро фикр алмашдилар ва муштарак манфаатлар кесишадиган нуқталарни белгилаб, келгусида биргаликда иш олиб бориш учун аниқ таклиф ва ташаббусларни билдирдилар.
Кўргазма ўз ишини 26 ва 27 апрель кунлари давом эттиради. Унинг дастури доирасида янги технологияларни жорий қилиш, ҳудудий саноат сиёсатини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, саноат ривожланишини рағбатлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш, рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўналишларида кооперация механизмларини шакллантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотлар жорий қилиш, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг тажриба ва тасдиқланган амалиётлари алмашуви борасида халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган панель мунозаралари ва алоҳида мавзулар бўйича сессиялар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Халқаро кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг турли тармоқларининг инвестиция ва саноат салоҳияти тақдимотлари, саноат ишлаб чиқариши ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг асосий масалаларини қамраб олган ўқув сессиялари ва бошқа тадбирлар, шунингдек, В2В алоқалар биржаси ташкил этилади. Айрим тадбирлар Ўзбекистон ҳудудлари маъмуриятлари ва кўргазмада қатнашаётган мамлакатларнинг саноат компаниялари ўртасида муносабатларни ўрнатишга қаратилган. Кўргазмада намойиш этилаётган инновацион саноат ишланмалари ва йирик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, бир қатор миллий, минтақавий ва корпоратив стендлар айнан шу нуқтаи назардан барча имкониятлар кўламини ўзида акс этади.