Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқида биз сўнгги йиллар давомида Кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганимизни алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, «Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди».
Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Юқори даражадаги сегмент ишида Президентимиз Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди.
Сегмент мажлисидан кўзланган мақсад – дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши механизмлари ва тартиб-таомилларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини юқори сиёсий даражада муҳокама қилишдан иборат.
Юқори даражадаги сегмент Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг йил давомидаги энг асосий сиёсий тадбири ҳисобланади. Мазкур Сегмент БМТга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бўйича умумий ва ўзаро мутаносиб ёндашувларини ишлаб чиқиш ва келишиб олиш механизми сифатида тузилган.
Коронавирус пандемияси муносабати билан Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши видеоанжуман шаклида ўтказилди. Йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олди.
Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар намояндалари, бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқрлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталди.
Биринчи устувор йўналиш:
«Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилиги амал қилиш
Кейинги йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бир қанча муҳим натижаларга эришди. Хусусан, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланди.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради». Шу маънода, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда «Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Юртимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган қамровдор ишлар самаралари яққол мисол бўла олади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 25 сентябрда қабул қилган қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда Регламенти тасдиқланди. Парламент комиссиясининг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
Соҳадаги яна бир муҳим натижа: Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармонига кўра, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Ушбу кўкрак нишони билан илк бор инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун бир гуруҳ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда икки нафар чет эл фуқароси тақдирланди.
Эътибор беринг: ҳар 5 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кун – 10 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу мукофот 1966 йилда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшган инсонларни тақдирлаш учун ташкил этилган.
Эндиликда Ўзбекистон ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мукофотини таъсис этди. 2020 йилдан эътиборан ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари тантанали равишда тақдирлаб борилади.
Шу тариқа мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги нормалар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши туфайли ушбу соҳада давлат сиёсати самарали амалга оширилаётганидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Иккинчи устувор йўналиш:
гендер сиёсатини қатъий давом эттириш
Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Юртбошимиз БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, «Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди».
Ҳақиқатан ҳам, Олий Мажлисга бўлиб ўтган охирги сайловлар натижасида биринчи маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди. Қонунчилик палатасига 32 фоиз, яъни 48 нафар аёл-депутатлар сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади.
Ваҳоланки, 2014 йилда бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 128-ўринда эди. Яъни, илгари биз учун гендер тенглик масаласи устувор эмасдек туюлган. Оқибатда биз бу борада анча ортда қолиб кетдик. Кейинги даврдаги таҳлиллар асносида хотин-қизларнинг жамиятимизда тутган ўрни ва нуфузи, уларнинг бошқарув идораларидаги иштироки мутлақо қониқарсиз аҳволда экани аён бўлди.
Шунинг учун охирги 4 йилда мамлакатимизда 2 та муҳим қонун – «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Шу асосда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айтайлик, бир томондан, зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича жойларда махсус марказлар ташкил этилиб, аёлларга махсус «Ҳимоя ордери» бериляпти. Иккинчи томондан, бугунги кунда опа-сингилларимиз давлат бошқаруви идораларида самарали фаолият юритмоқда. Натижада бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 26,6 фоизга етказилди.
Ўтган йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ўқишга қабул қилинди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Янада муҳими, Президентимиз парламентга тақдим этган Мурожаатномасида Сенат Раиси раҳбарлигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш вазифасини кун тартибига қўйди. Мазкур Кенгаш мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратишга масъул бўлади. Кенгашнинг асосий вазифаси жамиятда аёллар мавқеини ошириш, уларнинг муаммоларини пухта ўрганиш, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топиш, уларни “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”дан чиқаришга кўмак беришдан иборатдир.
Биргина шу далил ва рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёлларининг жамиятда ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат бериб турибди. Бинобарин, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги чиқишида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилгани ҳам шундан далолат беради.
Учинчи устувор йўналиш:
алоҳида эҳтиёжга эга шахслар ҳуқуқларини таъминлаш
Мамлакатимизда 2020 йил 15 октябрда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. 2021 йил 17 январдан кучга кирган ушбу Қонун 2008 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ўрнини босади.
Мазкур Қонунни ишлаб чиқишда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари, шунингдек АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид қонунлари ўрганилган.
Бугунги кунда Олий Мажлис палаталарида БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш билан боғлиқ ишлар изчил олиб борилмоқда. Айни пайтда эса Конвенциянинг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи янги Қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади.
Янги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилиши эътиборга олинса, мазкур Қонуннинг долзарблиги ва аҳамияти яққол намоён бўлади.
Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради, содда қилиб айтганда, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтилганидек, Ўзбекистонда ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос «ижтимоий модели»га босқичма-босқич ўтилади.
Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг киши фойдаланиши мумкин бўлади.
Президентимизнинг бу борадаги янги ташаббуси – имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи ҳам шу каби эзгу мақсадларга қаратилган.
Тўртинчи устувор йўналиш:
ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Ёшлар масаласи, чиндан ҳам, янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Охирги парламент сайловида Қонунчилик палатасига 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат сайлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Бугун парламентимиз қуйи палатаси таркибининг 6 фозини ёшлар ташкил этмоқда, жаҳон миқёсида эса бу кўрсаткич атиги 2 фоиздир.
Юртбошимиз БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, «Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда».
Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб яна бир бор барча-барчани БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Конвенция лойиҳаси бутун дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этиляпти. Жумладан, ўтган йили ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида бу конвенция лойиҳаси бўйича ижобий фикрлар билдирилди.
Халқаро анжуманда «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари – ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган. Самарқанд резолюцияси ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон нафақат ушбу конвенция лойиҳасини тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, балки ёшлар масаласини бугун давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарди. Мамлакатимизда Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташкил этилди, фондлар тузилди, навқирон йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Юртимизда кейинги даврда тузилган ёшлар ташкилотлари ҳақида сўз борган экан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилганини ҳам қайд этиш ўринлидир. Президентимиз 2020 йил 29 майда имзолаган «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда жорий йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинганини маълум қилар экан:
биринчидан, БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
учинчидан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларини илгари сурди.
Агар ҳозирги кунда дунёда инсоният тарихида кузатилмаган даражада кўп – 2 миллиарддан зиёд ёшлар мавжудлиги ҳисобга олинса, Ўзбекистон Президентининг бу ғоялари ниҳоятда долзарб ва фойдали эканини яққол англаш мумкин.
Бешинчи устувор йўналиш:
мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш
Сўнгги 15 йил ичида дунёда одам савдоси қурбонлари орасида болаларнинг улуши уч бараварга ошган, аёллар ушбу жиноий ҳаракатнинг асосий нишони бўлиб қолмоқда. БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ одам қулликнинг замонавий шаклларига дучор этилган бўлиб, уларнинг 71 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.
Халқимиз қадр-қиммати, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари катта аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Миллий стратегия ижроси доирасида 2020 йил 17 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилингани диққатга лойиқдир.
Давлатимиз раҳбари «Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили» деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратгани шуни англатадики, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришда қонун асосида кутилган мақбул натижаларга эришамиз.
Олтинчи устувор йўналиш:
инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича таълимни ривожлантириш
Президентимиз бу борада, биринчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш; иккинчидан, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшиши таклифларини билдирди.
Давлат раҳбарининг бу ҳақдаги фикрларини тинглар эканман, Самарқанд веб-форумининг 2020 йил 13 августда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинганини эсладим. Ўшанда турли мамлакатлар экспертлари томонидан ёшларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш борасидаги тажриба таҳлил этилиб, ушбу муҳим йўналишни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим нима учун айнан ёшларга бунчалик муҳим? БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси вакили Паулина Тандиононинг фикрича, «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни ривожлантириш ва жамият ҳаётига жалб этишнинг калитидир. У навқирон инсонларга ўзининг фаол фуқаро сифатидаги мавқеини англаш, эътироф этиш ва бу билан боғлиқ вазифаларини адо этиш, яъни чоралар кўриш ҳамда ўзига ва бошқаларга тегишли инсон ҳуқуқларига амал қилинишига эришиш, шунингдек давлат ишларида ҳамда қарорлар қабул қилишга оид демократик жараёнларда тегишли тартибда иштирок этиш имкониятини тақдим этади».
Европа Кенгашининг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси Ника Бахсолиани таъкидлашича, «таълим – адолатсизликка барҳам бериш усули бўлса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – бу соҳадаги энг мақбул усулдир».
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маслаҳатчиси, «ND Consultance» директори Нордин Дриси эътироф этишича, «Ўзбекистонда бугунги кунда юз бераётган ижобий сиёсий ўзгаришлар туфайли инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ишончли билимларни эгаллаган янги авлод ҳуқуқшуносларини тарбиялаш учун мустаҳкам платформа яратилиши мумкин».
Шу ўринда ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият» махсус ўқув модули машғулотлари ўтказиб келинаётгани ҳақида мухтасар тўхталмоқчимиз. Мазкур ўқув модули мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун мўлжалланган.
Ўқув курсида барча судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари икки босқичда ўқитилмоқда. Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбар ходимлари – жами 2 минг 300 дан зиёд тингловчи махсус ўқув модули машғулотларига жалб этилди.
Бундан ташқари, Марказ томонидан турли йўналиш ва босқичлардаги таълим муассасалари учун «Инсон ҳуқуқлари» фани бўйича ўқув дастурлари тайёрланган. Ўтган йил октябрь-декабрь ойларида ташкил этилган «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзусидаги танловда 12 номинация бўйича қатнашган 80 та иштирокчи орасидан ғолиблар аниқланди ва тақдирланди.
Еттинчи устувор йўналиш:
фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш
1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 15 минг нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.
Давлат раҳбари Юқори даражадаги сегментда сўзлаган нутқида: «бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқроликка эга бўлади», деб қайд этди.
Бундай муҳим қадамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавобдир. Президентимиз алоҳида қайд этганидек, «Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз».
Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш механизмлари ислоҳ қилиниб, аризага илова қилиниши лозим ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилган.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
янги ташаббуслари
Биз инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмаймиз.
Президентимиз юқори даражадаги Сегмент иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратди. Бу кодекслардан бири – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, иккинчиси эса сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, буни биз «қатъий мақсад қилганмиз».
Ўзбекистон Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 3 та таклиф билан чиқди.
биринчи таклиф: Судьялар кенгашлари фаолиятинининг универсал принципларини ишлаб чиқиш;
иккинчи таклиф: Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш;
учинчи таклиф: мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачисини мамлакатимизга таклиф этиш.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг юртимизга ташрифини кутиб қолишимизни қайд этди. «Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарор қабул қиламиз», деди Президентимиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига бундан кейин ҳам содиқ қолади. Шу билан бирга, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
«Янги Ўзбекистон» газетаси
23 февраль 2021 йил.