Марказий Осиё замини буюк алломаларга бешик бўлган. Шарқдаги илк уйғониш даври ҳам юртимиз ҳудудидан бошланган, десак муболаға бўлмайди. Чунки Биринчи Ренессанс пайтида Хоразмдаги Маъмун академиясига асос солинган бўлса, Иккинчи Ренессансда Самарқандда Улуғбек, Али Қушчи каби алломалар иштирокида коинотни ўрганиш мактаблари барпо этилган.
Айни пайтда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғояси марказида таълим омили турибди. Бу хусусда Президентимиз ҳам Мурожаатномада тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бу жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади”. Демак, миллий ўзлигимизни англаб, аждодларимизга муносиб бўлишни хоҳлаган ёшларга эътибор янада кучаяди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”. Ушбу ҳолатни олдиндан тўғри баҳолаб, давлатимиз раҳбари ўтган йили тараққиётнинг бир қанча муҳим омилларига эътибор қаратиб келди. Жумладан, 2022 йил 6 июлда Президентимизнинг “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Иккала ҳужжатда ҳам мамлакатимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларига инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ этиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган эди. Айни пайтда уларни амалга ошириш учун ишлар қизғин кетмоқда.
Қилинаётган барча ишлардан мақсад дунё тамаддунида ўз ўрнимизга эга бўлиш, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, рақобатбардошлигини ошириш, аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Бунинг учун Учинчи Ренессанс пойдеворини ҳозирдан шакллантиришга киришиш лозим. Бунинг бир қанча йўналишлари мавжуд.
Биринчидан, ижодкор, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаб етиштириш вазифаси турибди. Чунки ижодий фикрламайдиган, атрофдаги ҳодиса ва жараёнларга баҳо бера олмайдиган, улардан тегишли хулоса чиқармайдиганлар катта ишларни кутиб бўлмайди. Шунинг учун болаларни креатив фикрлайдиган қилиб тарбиялашга барча куч-имкониятларни йўналтириш мақсадга мувофиқ. Шу маънода бугунги таълим тизимини тубдан такомиллаштириш зарурати юзага келди.
Ҳозир олий таълим муассасаларига ўқишга кирган аксарият ўқувчилар бу натижага мактабдан ташқари қўшимча ўқиш эвазига эришяпти. 2022 йилги тест натижаларига кўра, абитуриентларнинг тенг ярмига яқини қониқарсиз балл тўплаганига гувоҳ бўлдик. Демак мактаб таълимини ислоҳ этиш ҳаракатини сусайтирмаслик даркор.
Иккинчидан, бугунги тезкор даврда мавжуд билимлар тез эскириб қоляпти. Шу боис, уни тизимли равишда янгилаб бориш учун учун болаларни қўшимча манбалардан, интернетдаги глобал кутубхоналардан фойдаланишга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Ҳозирги кадрлар ҳар қандай вазиятда мавжуд воқеа-ҳодисаларга илмий жиҳатдан баҳо бера оладиган бўлиши лозимлигини даврнинг ўзи талаб қиляпти. Шундагина мутахассисларимиз замон билан ҳамнафас, кези келганда рақобатбардош бўлади. Аммо йил ўтган сайин муаммо кескинлашиб бормоқда. Чунки охирги йилларда олий таълимга ўқишга қабул қилиш салмоғи 3–4 баробар ошди. Натижада давлат олий таълим муассасаларидаги кўплаб малакали педагоглар хусусий университетлар ва олийгоҳ филиалларига ўтиб кетгани учун билимли мутахассисларга эҳтиёж ошмоқда. Олий таълимга зарур бўлган кадрлар бирлигини шунчаки ходимлар билан эмас, балки энг иқтидорли, билимли, маҳоратли педагогларни соҳага жалб қилиш орқали тўлдириш лозим. Бунинг учун магистратура мутахассисликларига юқори рейтинг балл олган талабаларни жалб қилиш, педагогик фаолиятга йўналтириш ва тажрибасини ошириб бориш мақсадга мувофиқ.
Ҳозирги замонавий педагоглар назария ва амалиётни билиши ҳамда ушбу билимни магистрантларга бериши билан бирга нотиқлик санъати, педагогик технологияларнинг илғор усулларини ўргатишига алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Шунингдек, талабалар руҳиятини ўрганиш билан боғлиқ билим ва кўникмалардан ҳам хабардор қилиб бориш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, илғор тафаккурли ёшларнинг камолга етиши 70 фоиз ҳолатда ақлли тиббиёт ва оилага боғлиқ. Инсоннинг инновация ва янги билим яратиш қобилияти юзага чиқишида аждод суриб келаётган геннинг ҳам ўрни катта. Бунда болада етти-ўн бобонинг интеллектуал салоҳияти намоён бўлади. Масалан, бўри, қуш ва қўй наслининг ўзига хослигидаги фарқни олинг. Айтайлик, бўрининг боласи, албатта, йиртқичлик, қушнинг жўжаси парвоз қилиш лаёқати билан туғилади.
Инсонларда ҳам бундай хусусиятлар ҳам авлоддан авлодга ўтиб келади. Яна яширин очлик (микро ва макроэлементлар, сув ва кислород етишмовчилиги)ни камайтириш, хотирани яхшилаш усулларидан фойдаланиш, маҳоратли ўқитувчидан билим, тарбия олиш ҳам катта аҳамиятга эга. Ушбу моделни амалга ошириш учун қайси жиҳатларга эътибор бериш кераклиги кўриниб турибди.
Тўртинчидан, ёшларнинг илғор фикрли ва ижодкор бўлиб улғайиши учун ақлли тиббиётни шакллантириб, соғлом умрни узайтириш керак бўлмоқда. Замонавий дунёда инсоннинг умри қанча яшагани билан эмас, балки соғлом ва самарали яшагани билан ўлчанади. Одамнинг ақлий қобилиятини ўстириш учун лозим бўлган муолажа усуллари ишлаб чиқилиши тиббиётимиз олдида турган навбатдаги вазифадир. Жаҳонда тиббиёт ҳам хотирани, ўйлаш тезлигини ва креатив фикрлашни кучайтирадиган муолажаларга эътибор қаратмоқда. Тиббиёт тизимини соғлиқни сақлаш бўлими ва бошқармалари юритади. Бироқ тизимга қарашли муассасалар касалликни даволаш билан шуғулланмоқда. Илғор тиббиёт ўзининг номига муносиб бўлиб, одамларнинг соғлиғини сақлаш билан шуғулланиш босқичига ўтиши керак. Бунинг учун ҳаво, сув мусаффолиги, озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаш биринчи ўринда туради.
Зотан давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ҳам “Соғлом ҳаёт тарзи ҳақида олти йилдан бери гапиряпмиз. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни ҳали жой-жойига қўя олмаяпти. Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаяпти, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқ. Аслида, инсон саломатлиги, тиббиётнинг замини ҳам шулар-ку! Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши керак”, дея беҳуда куюниб гапирмади.
Бешинчидан, ривожланган давлатларда ёшлар хотирасини яхшилаш ва соғлом тафаккур тарзига алоҳида аҳамият берилади. Чунки мустаҳкам хотира туфайли таълим жараёнида олинган билим мияда сақлаб қолинади. Ундан самарали фойдаланиш учун тафаккурни ҳам фаоллаштириш лозим бўлади. Кейинги йилларда инсон капитали деган тушунча ҳаётимизга кириб келди. Бу капиталнинг кучи инсоннинг хотираси қандайлиги, қай тарзда тафаккур қила олиши билан белгиланади. Инсон капиталининг қиймати йўқ, аммо унинг қиммати бор. Қайси корхона ёки мамлакатда ҳақиқий инсон капитали талаб даражасида бўлса, уни рақобатда енгиш қийин. Шу жиҳатдан инсон капитали салоҳиятини ошириш Учинчи Ренессанс учун ўта муҳим. Бу борада давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ҳам таъкидлади: “Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак!”. Кўриниб турибдики таълим тизими ўнгланиш босқичига ўтган, мактабларимизда ижодкорлик, креатив фикрлаш учун муҳит юзага келяпти. Бу ҳам Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришда яхши натижа беради.
Олтиинчидан, яширин очликни йўқотиш керак. Қорин тўйиб овқатланиш ҳали фойдали, соғломлаштирадиган овқатланиш дегани эмас. Овқат билан организмга тегишли минерал, микроэлемент, витаминлар каби зарур моддалар кириши ва тўйиниши лозим. Шундагина инсон миясининг фаолияти яхшиланади. Қобилиятни ошириш учун истеъмол қилинган егулик қуввати ақлий меҳнатга сарфланиши лозим. Экспертлар бир киши учун ўртача бир ойда энг зарур бўлган маҳсулотларни ҳисоблаб чиқишди. Унга кўра, бир одам ойига 10 литр сут, 10 дона қолипли нон, 20 дона тухум, 1 килограмм пишлоқ, 1,5 килограмм гуруч, 6 килограмм гўшт, 6 килограмм мева, 8 килограмм сабзавот истеъмол қилади. Буюк Британияда энг кам иш ҳақининг 6,5 фоизига юқорида саналган маҳсулотларни сотиб олиш мумкин. Бу кўрсаткич Ирландияда 7,4 фоиз, Австралияда 7,7 фоизга етади. Ҳамма орзу қиладиган АҚШда эса энг кам иш ҳақининг 12,5 фоизига зарур озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш мумкин.
Еттинчидан, ўртача умр кўриш даражаси жаҳондаги энг асосий кўрсаткичлардан. Бизда ушбу кўрсаткич узоқ йиллардан буён 70–73 ёш атрофида ўртача сақланиб турибди. Янги Ўзбекистонда инсон капиталидан “инсоннинг ақлий капитали” таҳлилига ўтиб, таълимни ёшларни соғломлаштиришга қаратилган ва ақл-заковатни ўстирадиган соҳага айлантириш борасида тегишли ишларни амалга ошириш ҳам ўта долзарб масалалардан.
Саккизинчидан, Президентимизнинг бир миллион дастурчини тайёрлаш бўйича кўрсатмаси ва лойиҳаси ҳам ижодий ҳамда рақамлаштириш ишларининг бошланишига мос равишда Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга асос бўлади. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиздаги 205 та шаҳар ва туманнинг ҳар бирида биттадан ахборотлаштириш ва дастурлашга ўргатадиган мактаб очилган. Уларнинг ўқув дастури, адабиётларини шакллантириш ва хорижий тажрибани тезда жорий этиш керак. Хитой ва Ҳиндистондаги очиқ университетлар ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ. Уларда энг замонавий хорижий дастурлар ва рақамли технологиялар қисқа муддатли курсларда масофадан онлайн ўқитилади. Ушбу мактабларни ва очиқ университетни битирган ўқувчилар минглаб километр масофадан туриб ишга жойлаб, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириши мумкин. Шу маънода хорижга бориб ўтирмасдан ҳам шу ерда ишлаб пул топса бўлади. Муҳими, юртдошларимиз оғир жисмоний меҳнатдан аста-секинлик билан ақлий меҳнатга ўтади. Шунда фақат ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнатга нисбатан 10–20 баробар кўп даромад олиш имконияти пайдо бўлади.
Саидаҳрор Ғуломов,
академик
Мамаюнус Пардаев,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор