Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича вазифалар қўйилди

08 Fev 2022

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Барча ижтимоий дастурларда бу масалага алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Охирги беш йилда мазкур соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бу даврда 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Жумладан, ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб, 6 минг 300 километрга яқин тармоқлар тортилган. 592 та маҳаллада 2 миллиондан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланган.

Лекин, ҳали бу масалада қийналаётган маҳаллалар кўп. Жумладан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиздан кам. Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Шеробод, Ангор, Ғаллаорол ва Хатирчи туманларида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.

Шу боис, келгуси беш йилда бу соҳага 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, ичимлик суви таъминотини 90 фоиз, оқова сув қамровини 35 фоизга етказиш режалаштирилган. Жорий йилда бу мақсадлар учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади, 245 миллион доллар жалб этилади.

Давлатимиз раҳбари асосий эътибор сув таъминоти ва сифати паст ҳудудларга қаратилишини таъкидлади.

Хусусан, 1 минг 545 та маҳаллада марказлашган сув тармоғи йўқ. Мутасаддиларга улардаги имкониятларни ўрганиб, уч хил йўналишда ишни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Аввало, инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортилади. Иккинчидан, ерости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазилиб, сув иншооти қурилади. Учинчи йўналишга кўра, қудуқ қазиш ва қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда катта сиғимли ҳовуз барпо этилиб, сув ташиб келтирилади.

Бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш чоралари ҳам белгиланди. Қайд этилганидек, сув иншоотлари қуриш, махсус транспорт ва ускуналар харид қилиш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади. Импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз бўлади. Маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Шулардан келиб чиқиб, ижтимоий буюртма ва хусусий шерикларни танлаш ҳамда молиялаштириш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Ичимлик суви таъминоти кўрсаткичи республика бўйича энг паст – 43 фоиз бўлган Қашқадарё вилояти бўйича алоҳида дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Келгуси икки йилда 2 мингта боғча, мактаб ва тиббиёт муассасаларини ичимлик суви билан таъминлаш зарурлиги таъкидланиб, бунинг молиявий манбалари белгиланди.

Маълумки, бу соҳадаги лойиҳалар, асосан, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг инжиниринг компаниялари томонидан ишлаб чиқилади. Энди бундай ишларни жадаллаштириш учун жамиятнинг ҳудудлардаги инжиниринг компаниялари вилоят ҳокимликлари тасарруфига ўтказиладиган бўлди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудратчиларни аниқлаш ва молиялаштиришни очиш ҳам вилоятнинг ўзида бўлади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти лойиҳаларга техник талабларни белгилайди, экспертизадан ўтказади ҳамда эксплуатациясига масъул бўлади.

Йиғилишда дарёлар ва ерости сувларини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 8 мингта сув қудуғидан 1 минг 500 таси яроқсиз ҳолатга келган. Оқибатда қарийб 800 та маҳалладаги 2 миллион аҳолининг сув таъминоти ёмонлашган. Зомин, Нурота ва Қўшработ конларида қудуқлар қазиш, Зарафшон ва Чирчиқ дарёлари ўзанидан қум-шағал олиш назоратсиз, пала-партиш бўлгани сабабли бу ҳудудларда ерости чучук сувлари захиралари 30 метргача пасайган.

Шу боис, бундан буён сув қудуқларини аниқлаш ва бурғилаш ишлари фақат Давлат геология қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Мутасадди идораларга қудуқларни хатловдан ўтказиш, дарё бўйларини қаттиқ тартибга олиш бўйича кўрсатма берилди.

Туманларда эксплуатация тизимини яхшилаш ҳам долзарб масала. Кўп туманларда бунинг учун зарур бирорта техника йўқ.

Шу боис, туман сув таъминоти ташкилотларининг имкониятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Унга кўра, бу соҳада пуллик хизмат турларини белгилаш ваколати ва улар бўйича тушумлар тўлиқ туман сув таъминоти ташкилотларига ўтказилади. Ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, авария ҳолатларини бартараф этиш ҳамда махсус техника хариди учун туман ва шаҳар бюджетларидан маҳаллий “Сувтаъминот” корхонасига маблағ ажратиш тизими жорий этилади.

Бухоро, Жиззах, Гулистон, Ширин, Янгиер каби 28 та йирик ва ўрта шаҳарда канализация тармоғи қамровини кенгайтириш бўйича ҳам топшириқлар берилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида локал оқова-тозалаш иншоотларини қуриш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари, ҳокимлар сўзга чиқди.

Related