Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

24 May 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Болаларда мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам ташкилий, ҳам мазмун жиҳатидан кўп ишлар қилинмоқда.

Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 200 тадан 18 минг 300 тага ошди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайди. Бугунги кунда барча мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланмоқда.

Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. 53 та туманда боғчалар етишмайди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида қамров даражаси жуда паст.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳадаги шу каби камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур 53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи маъқулланди.

Давлатимиз раҳбари асосийси таълим-тарбия мазмуни эканини таъкидлаб, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифасини қўйди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.

Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси – давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда.

Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.

Давлат томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.

Президентимиз ушбу боғчаларни илғор хорижий тажриба асосида қуриш, замонавий жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.

Фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Вазирнинг бошқа ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг барча ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди. Уларнинг ўз лавозимига лойиқлиги кейинги фаолияти натижадорлиги таҳлили асосида кўриб чиқилиши белгиланди.

Related