МОНОПОЛ ФАОЛИЯТНИ ЧЕКЛАШ КОНСТИТУЦИЯ БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

19 Apr 2023

Иқтисодий муносабатлар фуқаролик жамиятининг муҳим элементларидан
бири ҳисобланади. Улар ўз-ўзидан пайдо бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас,
аксинча, давлат ва жамиятнинг таъсирида шаклланади. Агар жамият иқтисодга
ижтимоий нормалар орқали таъсир кўрсатса, давлат ўзи қабул қилган қонунлари
асосида унинг ривожланишини таъминлайди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда киритилаётган ўзгаришлар иқтисодиётни
эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига
асосланган ислоҳотларнинг янги босқичида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини
камайтириш, иқтисодий жараёнларга маъмурий тартибга солиш дастакларидан
фойдаланишни минималлаштириш, хусусий секторнинг иштирокини
кенгайтириш орқали миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини
таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Айнан мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, киритилаётган энг муҳим
ўзгаришлардан бири, бу – товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари
учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш мақсадида, монопол
фаолиятнинг қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши Конституцияда
мустаҳкамланаётганлиги ҳисобланади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда
товарлар ва хизматлар бозоридаги монополияни босқичма-босқич камайтириш
иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришнинг устувор
йўналиши ҳисобланади.
Конституция иқтисодий эркинликни тан олиш ва унга барча шарт-
шароитларни яратиш билан биргаликда, тадбиркорларга иқтисодий эркинликни
суиистеъмол қилган ҳолда монополистик фаолиятни амалга ошириш ёки бир-
бири билан инсофсиз рақобат қилишнинг олдини олишга доир қоидаларни
белгилаши керак.
Ўзбекистонда ўтган йилларда Ҳаракатлар стратегияси ва Янги
Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасидаги ислоҳотлар натижасида
барчага тенг ва эркин рақобат шароити яратилди. Тадбиркорлик субъектларига
солиқ юки камайтирилди, хусусан мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқ
ставкалари 2 баробар пасайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15
фоизга туширилди, муҳими, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий
бажарилиш даражаси 80 фоиздан 95 фоизга кўтарилди. Шунингдек, адолатли
рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш мақсадида 84 та турли
самарасиз солиқ имтиёзи бекор қилинди.

Конституцияга киритилаётган ушбу норма рақобатни таъминлаш ва
монополистик фаолиятига қарши кураш орқали давлат томонидан товар ва
хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий
имкониятларни яратади. Тараққиёт стратегиясида ҳам “Янги Ўзбекистон –
рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчини очиқ
танлов асосида саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар
томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган.
Ушбу моддага киритилаётган қўшимчалар самарали фаолият юритадиган
бозорларни ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳисобига иқтисодий
ўсиш ва инновацияларни рағбатлантириш, инвестициялар оқимини ошириш ва
янги иш ўринларини яратишга, шунингдек халқаро иқтисодий индекс ва
рейтинглардаги ўринларни яхшилашга хизмат қилади.

Фурқат ЮНУСОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти

Related

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови! ЯНГИЛАНГАН ҚОМУСИМИЗ — ҲУҚУҚИЙ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ
27. Noy 2025
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”. Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил – юбилейлар йили
27. Noy 2025
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Бош қомусимиз – Ўзбекистоннинг ишонч, барқарорлик ва келажак пойдевори
24. Noy 2025
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
«Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» Янги Ўзбекистон Конституцияси: яратилиши, қабул қилиниши ва ижро этилиши
29. Noy 2024
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Ўзбекистон: халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш йўлида
07. Dek 2023
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР
Янги таҳрирдаги Конституция— инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати
24. Noy 2023