Президент: Бу ишларни келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширмасак, ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йил орқага тортади

11 May 2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Президентимизнинг Олий Мажлисга шу йил январдаги Мурожаатномасида рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган эди.

Рақамли технологияларнинг нақадар муҳимлигини бугунги пандемия шароити ҳам яна бир бор исботлади. Таълим, давлат хизматлари, давлат бошқаруви тизими, савдо ва хизмат кўрсатишнинг ҳаммаси рақамли иқтисодиёт билан боғлиқлиги яққол кўриниб қолди. Йиллар давомида масофадан кўрсатилмаган хизматлар саноқли кунларда онлайн шаклга ўтказилди.

Экспертларнинг фикрича, келгуси 3 йилда иқтисодиётни рақамлаштириш орқали дунёдаги 22 фоиз иш ўринлари интернет технологиялари ёрдамида яратилади.

Шу боис жорий йил 28  апрелда “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида рақамли иқтисодиёт билан шуғулланадиган яхлит тизим яратилди. Жумладан, “Электрон ҳукумат”, иқтисодиёт тармоқлари ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, IT паркларни ташкил этиш ва бошқариш каби вазифалар тўлиқ вазирлик ваколатига ўтди.

Шу билан бирга, қарорда янги лойиҳаларнинг молиявий манбалари ҳам аниқ кўрсатилган. “Электрон ҳукумат” доирасида 1,3 триллион сўмлик 104 та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторида 5,3 триллион сўмлик 87 та лойиҳа, телекоммуникациялар борасида 15,1 триллион сўмлик 35 та, аграр соҳада 24 та, IT парклар бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев “Бу ишларни келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширмасак, ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йил орқага тортади”, дея таъкидлади.

Хизматларни рақамлаштириш борасидаги ҳозирги аҳвол таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, давлат идораларида мавжуд 700 дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи “Электрон ҳукумат” тизимига уланган. Давлат хизмати кўрсатувчи 80 та идоранинг атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилинган.

Президентимиз вазирлик ва идораларда ахборот технологияларини қўллаш даражасига қараб ундаги раҳбарларнинг ойлик мукофот пулини ошириш ёки камайтириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига давлат идоралари маълумотлар базасини таснифлаб, уларни идоралараро интеграцион платформага улаш, электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талабларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Пандемия таъсирини инобатга олиб, энг зарур бўлган давлат хизматларини тезкор равишда электрон шаклга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимларини жорий этиш, ижтимоий нафақалар ҳисобини юритишга мўлжалланган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ни жорий йил якунига қадар ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат солиқ қўмитасига савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини онлайн назорат касса машиналарига ўтказиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ҳамда электрон ҳисоб-фактура тизимини жорий этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Келгуси беш йилда саноат корхоналарида ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига таннархни ўртача 13-15 фоизга пасайтириш мумкин.

Транспорт вазирлигига темир йўлларда юк ташиш ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизматлари тўлови учун автоматлашган тизимларни ишга тушириш, барча транспортларга ягона электрон билет жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, кенг полосали интернет тармоғини 10 фоиз кенгайтириш эвазига ялпи ички маҳсулотни камида 1 фоиз ўстириш мумкин.

Жорий йилда оптик толали алоқа қамровини мактабгача таълим тизимида 41 фоиздан 100 фоизга, халқ таълимида 40 фоиздан 70 фоизга, соғлиқни сақлаш соҳасида 38 фоиздан 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу орқали кўплаб қишлоқларга интернет тармоғи етиб боради.

Шу боис Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Бугунги кунда мавжуд серверлар тўлиб бораётгани, соҳадаги 300 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш учун 10 баравар кўп қувватли серверлар зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ахборотларни қайта ишлайдиган марказларни кўпайтириш, хорижий кредитлар жалб этиб, лойиҳа қиймати 30 миллион долларлик “дата центр” қуриш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ахборот технологиялари қишлоқ хўжалиги, ерни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишда ҳам жуда қўл келади. Масалан, ерни космик зондлаш орқали экин майдонлари, вегетация жараёни, ернинг мелиоратив ҳолати ва минераллашув миқдорини ўрганиш мумкин. Бу агротехник тадбирларни аниқ белгилаб, ҳосилдорликни 25-30 фоизгача ошириш имконини беради.

Мутасаддиларга ер майдони ва сув ҳисобини юритишнинг электрон тизимларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигида экинларни жойлаштиришдан тортиб, сотувгача бўлган жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Юртимизда ахборот технологиялари соҳасида 60 минг киши меҳнат қилмоқда. Йиғилишда бу етарли эмаслиги таъкидланиб, соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга энг аввало маҳаллий технопарклар резидентларини жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Келгуси ўқув йилида “1 миллион дастурчи” лойиҳасига 47 минг нафар ўқувчини қамраб олиш, соҳага замин яратиш учун мактабларда 7-синфдан бошлаб дастурлаш асосларини ўқитишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда мутасаддилар соҳадаги чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳисобот берди.


Related