Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 июндан 1 сентябргача
- кичик тадбиркорлик субъектлари;
- бозорлар ва савдо мажмуалари;
- кинотеатрлар;
- умумий овқатланиш жойлари;
- жамоат транспортлари ташкилотлари;
- спорт-соғломлаштириш муассасалари;
- шунингдек, йўловчиларни ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, ёпиқ жойларни ижарага бериш, шу жумладан банкетлар ташкил этиш билан шуғулланадиган юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади.
Кичик тадбиркорлик субъектларига
- 19 мартдаги ПФ-5969 ва 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли фармонларга мувофиқ апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан;
- 1 январдан бошлаб 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.
Тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни)ни олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилади.
1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12%дан 1%га пасайтирилади. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно.
Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш 1 сентябргача тўхтатилади.
Давлат солиқ хизмати органлари 15 май ҳолатига уларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади.
Солиқ тўловчилар 15 май ҳолатига бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.