Россия Федерацияси Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлади

24 May 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26–27 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

Ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Бўлажак учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.

Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этадилар.

Ташриф арафасида Тошкент шаҳрида бир қатор қўшма тадбирлар – етакчи муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорларининг учрашуви, тиббиёт илмий-амалий конференцияси ва Рус санъати ҳафталиги бўлиб ўтаётганини таъкидлаш жоиз.

Related