Сирдарёда сув тошқини – Ўзбекистон халқи офатга қарши бирдам ва бардам курашмоқда

03 May 2020

Ёмғир ёғиб, кучли шамол сабабли 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилган. Оқибатда сув оқими аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига жиддий зарар етказган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундай вазиятда халқ билан бирга бўлиш ва вазиятни яқиндан ўрганиб, фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида зудлик билан воқеа жойига етиб келди. Аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборда бўлишини таъкидлади.
– Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони очилган жойга бориб, уни кўздан кечирди, сув чиқишининг тўхтагунига қадар икки кун давомида Сирдаёрда бўлиб, аҳоли ҳолидан хабардор бўлиб турди. Ҳозирда тўғондан сув чиқиши тўхтаган.
Ўзбекистонликлар табиатида бағрикенглик, яхши-ёмон кунда елкадош бўлишдек фазилат устун. Бунга узоқ ва яқин тарих гувоҳ: Иккинчи жаҳон урушида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган ҳудудлардан эвакуация қилинган минглаб инсонлар Ўзбекистондан қўним топди, шу кунларда дунё аҳлини қаттиқ қайғуга қўйган коронавирус пандемиясидан азият чеккан қўшни ва яқин давлатлар, ҳамкор мамлакатларга ҳам шу юрт халқи биринчилар қаторида инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
Бугун кутилмаган табиий офат сирдарёликлар бошига соя солди. Аммо ўзбекистонликлар уларни ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Етказилган талафотни бартараф этиш мақсадида мамлакатнинг бошқа вилоятларидан инсонпарварлик ёрдами карвонининг жўнатилиши бир зум бўлса-да, тўхтагани йўқ.
Воқеа юз берган куннинг ўзида Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Қашқадарё, Андижон, Сурхондарё ва бошқа вилоятлардан Сирдарёга иссиқ кийим-бош, кўрпа-тўшак ва турли озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган кўмак карвонлари кетма-кет етиб келди. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши сессиясида Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига Самарқанд вилояти бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 5 миллиард сўм пул кўчириш таклифи ўртага ташланди ва бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.
Мамлакат фуқароларининг эътибори Сардоба туманидаги табиий офатдан азият чекканлар инсонларга қаратилган. Саховат кўрсатишда вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти органлари намуна ва пешқадам бўлмоқда. Хусусан, Адлия вазирлигидан “Салом Сардоба, биз биргамиз” акцияси доирасида зарур маҳсулотлар юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса зарур тиббий воситалар кўринишида кўмак кўрсатди.
Табиийки, олижаноб ва меҳр-оқибатли ўзбекистонликлар ҳам ҳамжиҳат бўлиб, Сирдарёга зарур маҳсулотлар юбормоқда.
Воқеа юз берган 1 май куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ фаол фуқаролар ижтимоий тармоқларда сардобаликларга кўмак кўрсатиш бўйича акция бошлашди. Шундан сўнг 100 дан ортиқ автотранспортларда бирламчи зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, болалар учун ўйинчоқ ва китоблар шаклида ёрдам юки шакллантирилди.
Ана шундай ёрдамдан баҳраманд бўлган сирдарёлик фуқаролардан бири ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай пост қолдирган: “Ҳозирги пайтгача Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятларидан 150 тадан ортиқ автоуловларда ёрдам келди. Бу каби кўмак карвонларининг келиши эрталабдан бери тўхтагани йўқ”.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, талафот кўрганларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда бугун нодавлат ташкилотлари ва бизнес вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Биргина Наманган шаҳридаги “Aisha Home Textile” корхонаси Сирдарё вилояти аҳолисига умумий қиймати 250 миллион сўмлик ёрдам йўллади. “APK Oq oltin” ва “Arnasoy Gold Tex” корхонаси, қолаверса, жамиятнинг фаол қатламлари, журналистлар, санъат аҳли вакиллари ҳам ана шундай хайрли ташаббуслар кўрсатишда биринчилар қаторида бўлмоқда.
“Хайрли ишнинг қаноти бор”, деган нақл бор. Бугун мазкур мақолнинг ҳаётдаги ифодасини ўзбекистонликлар мисолида кўриш мумкин. Бундан бир неча йил муқаддам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда “Обод қишлоқ” дастури ишлаб чиқилган эди. Унинг ижроси доирасида Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғи тўлиқ қайта қурилиб, инсонлар ҳаёти ва қалбига янги умид, ишонч олиб кирилганди. Бугун эса ана шу обод кўнгил соҳибларининг ўзи хайри ишларда ҳамюртларини қўллаб-қувватламоқда.
Бу борадаги фикрлар Аслиддин Бектошев исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси тилидан шундай баён қилинади: “Жиззахлик бир дўстим Дўстлик туманидаги Манас қишлоғидан телефон қилиб қолди. Сирдарёдан кўчириб олиб келинган аҳолининг бир қисми шу қишлоқдаги мактабга жойлаштирилган экан.Уларнинг орасидаги ёш болалар ва хотин-қизларни шу қишлоқдаги биродарларимиз кун совуғида азият чекмасин, деб кечқурун ўз уйларига олиб кетишибди. Гарчи, мутлақо танимасалар ҳам ўз уйларидан оғир кунларда жой берган, бир бурда нонини қизғанмаган шундай юртдошларимиз борлигига шукр. Уларнинг барчасига чексиз ташаккур билдириб қоламиз”.
Сардоба воқеалари сабабли сирдарёлик 600 нафардан зиёд фуқаро қўшни Тошкент вилоятига ўтган. Чиноз, Бўка, Оққўрғон, Бекобод туманлари ва Бекобод шаҳар ҳокимлари меҳмонларни очиқ юз билан кутиб олди. Сирдарёликлар учун барча шароит яратиб берилди. Яшаш жойи, иссиқ овқат, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Шифокорлар меҳмонларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиб, улар саломатлигини назоратга олди.
Ўзбекистон халқи Сирдарёдек чўл ҳудудни минг машаққат билан енгиб, уни боғу бўстонга айлантирган матонатли инсонлар фарзанди. Улар рўй берган сув тошқинида ҳам ўша мардоналик, жасорат намуналарини кўрсатмоқда. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, биргалашиб, белгиланган тартибларга ўз вақтида ва қатьий риоя қилмоқда. Шундай экан тез фурсатда табиат офатининг тўлиқ бартараф этилишига шубҳа йўқ.

Related