Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида таъкидлаганидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.
– Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган, – деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида. – Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир.
Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланди.
– Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак, – деди Президент.
Йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани қайд этилди. Шу боис мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқ. Улар қишлоқ ва шаҳарларда таълим-тарбия, маданият ва маънавият тарқатадиган фидойи кишилардир. Мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлиши зарур.
Маълумки, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.
Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Энг асосийси, жойлардаги раҳбарларнинг, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.
– Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди. Халқ таълими вазирлигига ушбу тажриба асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига синов тариқасида татбиқ этиш вазифаси қўйилди.
Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқилади.
Мактабларни таъмирлаш, ободонлаштириш, иситиш каби хўжалик масалаларига ҳокимлар шахсан масъул экани эслатиб ўтилди. Шунингдек, олий ўқув юртига кира олмаган битирувчиларни муайян касб-ҳунар ёки тадбиркорликка жалб этиш муҳим.
Шу боис келгуси йилдан бошлаб 7-синфдан ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиёти жорий қилиниши белгиланди. Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктирилади.
Ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.
Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.
Йиғилишда педагог кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда педагоглар ҳар 5 йилда, раҳбар кадрлар эса ҳар 3 йилда малака оширмоқда. Лекин бу тўла қамров учун етарли эмас. Жорий йилда Сирдарё вилоятида 11 минг нафар мактаб ўқитувчиларининг барчаси синов тариқасида масофавий малака ошириш курслари билан қамраб олинмоқда.
Келгуси йили Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида малака ошириш бўйича масофадан ўқитиш ташкил этилади. Тошкент давлат педагогика университети педагог кадрлар малакасини оширишда республикада етакчи олийгоҳ этиб белгиланади. Авлоний номидаги малака ошириш институти эса таълим муаммоларини чуқур ўрганадиган илмий-тадқиқот даргоҳи бўлади.
Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартибини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 490 мингдан зиёд педагогларнинг 4 фоизи олий, 15 фоизи биринчи тоифага эга. 4 босқичдан иборат амалдаги аттестация тизимида қоғозбозлик ҳанузгача сақланиб қолган.
Шу боис мутасаддиларга тоифа бериш тартибини соддалаштириш, педагоглар билимини йил давомида баҳолаш имконини берувчи 2 босқичли тизимга ўтиш бўйича кўрсатма берилди.
Яна бир муаммо – таълим сифати пастлиги, моддий-техника базаси етарли бўлмагани сабабли айрим мактаблар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Масалан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси паст.
Мамлакатимизда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилди.
Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради.
Бундан асосий мақсад – мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш.
Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Давлатимиз раҳбари бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлади.
Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
– Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан, мактаб директоридан бошлаб Бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба, – деди Президент.
Парламент вакиллари, шунингдек, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.
Йиғилишида ҳокимлар, олий таълим муассасалари ректорлари, мактаб директорлари, педагоглар таълим-тарбия сифатини оширишга оид фикр-мулоҳазаларини билдирди.