Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 14-15 июль кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Асосий йўналишлардаги амалий алоқаларнинг, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш, сув хўжалиги соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро мулоқотни фаоллаштириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини давом эттириш истиқболлари диққат марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик масалалар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.
Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида учрашув ўтказиши ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиши кўзда тутилган.
Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида 1-2 июль кунлари Тошҳовуз шаҳрида Сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг тадбирлари муваффақиятли ўтди.
12 июль куни пойтахтимизда икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва стратегик шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган Ўзбекистон-Туркманистон илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Ташриф арафасида Бухоро шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми, Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг етакчи корхоналари кўргазмаси ўтказилмоқда.