Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини таъкидлади.
– Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Ҳар бир кўчада, хонадонда ток бўлган. Хусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд.
Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди.
Лекин бугунги бозор талабини таҳлил қиладиган бўлсак, бу соҳада бундан-да катта имкониятлар бор. Хусусан, жаҳон бозорида хўраки узум савдоси мевалар ичида учинчи ўринда бўлиб, ҳар йили унга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда.
Бундай узум бўйича Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини келгуси тўрт йилда камида 600 миллион долларга, майиз бўйича 500 миллион доллар ва табиий винода 100 миллион долларга етказиш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланади.
Яна бир муҳим жиҳати, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин.
Шу каби таҳлиллар бу соҳага катта эътибор қаратиш, кўплаб масалаларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Афсуски, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайган. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40-50 йил аввал яратилган узум навлари экиб келинмоқда. Токзорларни янгилашни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмаган. Кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмайди, кўчат касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмайди. Шу боис, ҳосилдорлик ҳам пасайиб, касаллик эса кун сайин кўпайиб бормоқда. Токзорларнинг атиги 38 фоизи интенсив усулда парваришланмоқда.
Маҳаллий узумларимиз ҳосилдорлиги Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан 1,5-2 бараварга кам. Қолаверса, юртимизда етиштириладиган узумлар аксарияти данакли бўлиб, жаҳон бозорида данаксиз узумга бўлган талаб кескин ортиб бормоқда.
Узумни қайта ишлаш даражаси ҳам замон талаби даражасида эмас. Табиий винонинг умумий спиртли ичимликлар истеъмолидаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади.
Энотуризм, яъни вино туризми ҳам тармоқ сифатида ривожланмаган. Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида тўрттагина туристик узум плантациялари ташкил этилган, холос.
Шу боис йиғилишда узумчиликни кенг кўламда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Аввало, тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилган эди. Уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.
Энг асосийси, бунинг эвазига қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти кейинги йилда қарийб 100 миллион долларга, тўлиқ ҳосилга киргандан кейин эса йилига 200 миллион долларга етади.
Шунингдек, Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида ҳам янги токзорлар барпо этилган.
Шундай тажриба асосида Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича Лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланди.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг ерларида сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади.
Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.
Мева-сабазавотлар тўкинлигида аҳоли томорқалари ҳам катта манба. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги хонадонларда 5 минг тонна узум етиштирилиб, 15 миллиард сўм даромад олиниши кутилмоқда.
Президентимиз бу тажрибани барча ҳудудларда оммалаштириб, томорқа четларида, йўл бўйларида узум етиштириш анъанасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда соҳага илм ва инновацияларни кенг жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Инновацион ривожланиш вазирлигига хорижий тажриба асосида узумнинг ҳосилдор, данаксиз, совуққа ва касалликларга чидамли янги навларини яратиш бўйича топшириқ берилди.
Токни фақатгина шпалерга кўтариш ҳисобига ҳосилдорликни 2-3 баравар кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Буни қўллаб-қувватлаш мақсадида энди шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қопланиши белгиланди. Шунингдек, узумчиликда қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади.
Давлатимиз раҳбари узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари ташкил этиш кераклигини таъкидлади.
Уларга узумни қайта ишлаш, майиз қуритиш ва қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун молиявий имтиёзлар бериладиган бўлди. Шунингдек, табиий виноларга нисбатан акциз солиғи бекор қилиниши белгиланди.
Экспорт имкониятлари таҳлил қилинар экан, жорий йилда хўраки узум экспортини 200 миллион долларга, майизбоп узум экспортини 130 миллион долларга, табиий узум виноси экспортини 50 миллион долларга етказиш мумкинлиги айтилди.
Юртимиз узум навларининг миллий брендини яратиб, хорижда тарғиб этиш, салоҳиятли бозорлар билан фитосанитар келишувларга эришиш бўйича топшириқлар берилди.
– Тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар келгуси йилларда экспортни янада ошириш учун ўзларининг аниқ режаларини белгилаб олишлари керак. Бундан буён, етиштирилган ҳосил 30 фоизигача экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади. Шунингдек, экспорт қилинган ҳар бир литр табиий вино учун, 5 минг сўм субсидия ажратилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Узумзорларда энотуризм учун зарур инфратузилма яратиш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.