Финляндия Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

29 Okt 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб 29 октябрь – 1 ноябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, экология, кимё, энергетика, рақамлаштириш, тоғ-кон саноати ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.

Меҳнат миграцияси, маданият, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, кўп томонлама тузилмаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Related