Кейинги ўн йилликларда инсоният улкан ютуқларга эришди ва баланд марраларни забт этди. Шунга қарамасдан, ҳали-ҳамон ўзини бехавотир ҳис эта олаётгани йўқ. Чунки дунё тараққиётига мос равишда хавф-хатарлар ҳам глобаллашиб бормоқда. Ана шундай хатарлардан бири, шубҳасиз, халқаро терроризмдир. Тўғри, бугун бутун дунё бир бўлиб, унга қарши курашяпти, аммо терроризм жаҳоннинг турли минтақаларида ўз қора қилмишларини намоён қилишда давом этмоқда.
Мушоҳада
Ёдингизда бўлса, бундан 15 йил илгари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан давримизнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган халқаро терроризмга қарши глобал стратегия ишлаб чиқилган эди. Негаки, терроризм ҳар бир миллат, халқ, минтақада барқарор ривожланишга, тинч аҳолига жиддий таҳдид сифатида қабул қилинди ва уни бартараф этмасдан туриб, тараққиётга эришиш мумкин эмаслигини бутун дунё теран англаб етди. Бугун барча давлатлар, халқаро тузилмалар, нодавлат ташкилотлар биргаликда ҳаракат қилсагина, кутилган натижага эришиш мумкинлиги ҳам маълум. Алоҳида ҳолда ҳеч бир давлат терроризмга бас келолмаслиги кундай равшан ҳақиқат.
Яқинда мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция ҳам ана шу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Президентининг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида терроризмга қарши курашиш, шубҳасиз, комплекс ва кенг қамровли, ҳам глобал, ҳам минтақавий миқёсдаги самарали давлатлараро ҳамкорлик механизмларига эга бўлиши кераклигига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Зеро, бу умумдунёвий хатарга фақат биргаликда барҳам бериш мумкин, бунинг бошқача йўли йўқ.
Шу ўринда юқори даражадаги мазкур конференция айнан Ўзбекистонда ўтказилгани рамзий маънога эга эканлигини таъкидламоқчимиз. Нима учун? Аввало, давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларига мурожаатида бу глобал муаммони бартараф этишга қаратилган турли йўналишлар бўйича аниқ фикрларни билдирди. Демак, терроризмга қарши кураш мамлакатимиз етакчисининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ушбу халқаро анжуманга мезбонлик қилишга ҳар томонла ҳақли эди.
Иккинчидан, вақт ўтган сари терроризмнинг хусусияти ўзгариб боряпти. Масалан, ҳозир кибертерроризм тушунчаси пайдо бўлган, криптовалюта билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш анча қийин кечмоқда. Минтақамизда ҳам бу омиллар террорчилик фаолиятини молиялаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Учинчидан, Президентимизнинг таклифига биноан, муаммонинг ечими сифатида, биринчи навбатда, ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар билан фаол ишлаш зарурлиги илгари сурилди. Биламизки, террорчи гуруҳлар, асосан, ҳаётий тажрибасиз ёки дунёқараши заиф ёшларни ўз сафига жалб қилишга уринади. Буни дунёнинг турли минтақаларида фаолият олиб бораётган террорчилик гуруҳлари мисолида ҳам кўриб турибмиз.
Эътиборлиси шуки, нуфузли тадбирда қатнашган халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар Ўзбекистон томонидан илгари сурилган барча ташаббус ва таклифларни фаоллик билан қўллаб-қувватлади.
Халқаро тадбирнинг муҳим воқелиги, шубҳасиз, Тошкент декларацияси ҳамда Янгиланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилингани бўлди. Кези келганда, Тошкент декларацияси Ўзбекистон дипломатиясининг катта ютуғи бўлганлигини мамнуният билан айтмоқчимиз.
Мазкур ҳужжат ўз мазмун-моҳиятига кўра, Терроризмга қарши кураш бўйича иккита Ашхобод декларацияси, Терроризмни келтириб чиқарувчи зўравонлик экстремизми ва радикаллашувга қарши курашда ёшларнинг ролини ошириш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси ҳамда “Терроризм ва уни молиялаштириш манбалари, шу жумладан, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция якунлари бўйича қабул қилинган Душанбе декларациясининг изчил ва мантиқий давоми бўлганлигини айтиш зарур.
Ўз навбатида, Тошкент декларацияси ва Янгиланган қўшма ҳаракатлар режаси нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунёнинг терроризмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатини бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Буни иштирокчилар ҳам таъкидлаб ўтишди.
Табиийки, Тошкент декларацияси ҳамда Янгиланган қўшма ҳаракатлар режасидаги келишув ва вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши биз, парламент вакилларидан катта масъулият талаб этади. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари парламентлари ҳамкорлигини кучайтириш айни заруратдир. Зеро, минтақа давлатлари парламентлари ўртасида ўрнатилган икки ва кўп томонлама алоқалар барча аксилтеррор чораларни муҳокамадан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш учун нуфузли ва таъсирчан механизм бўлиб хизмат қилади.
Умуман олганда, пойтахтимизда бўлиб ўтган нуфузли халқаро анжуман ҳамда унда қабул қилинган Тошкент декларацияси жаҳон ҳамжамиятининг “терроризм” деб номланган умуминсоний хатарга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларига янгича суръат бериши билан катта аҳамиятга эга. Эндиги вазифа ушбу ҳµужжатда белгиланган вазифаларни ҳамжиҳатлик билан рўёбга чиқаришдан иборат.
Содиқ САФОЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Раисининг биринчи ўринбосари.
“Халқ сўзи” газетаси
2022 йил 10 март