Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва тармоқлар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, нуронийлар, ёшлар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида катта ўзгаришлар бўлаётгани, одамларнинг дунёқараши ўсиб, фаоллиги ошганини таъкидлади.
– Мен ҳар доим Самарқандни соғинаман. Кўп жойларда ишладим, лекин бу вилоятда орттирган тажрибам жуда кўп қўл келади. У пайтлар қўлимиз калта, имкониятимиз чекланган эди. Шуни эътиборга олиб, ҳар сафар Самарқандга келганимда ўзимга савол бераман: ҳозирги имкониятларни ўша пайтда қилиш мумкинмиди? Имом Бухорий бобомизнинг замонавий мажмуасини ўша пайтда қуриш мумкинмиди? Юракда жуда катта қийналишлар билан, қачон бўлар экан, деб армон билан ишлаганмиз. Ҳозир замон ўзгарди, одамлар энди кечагидай яшашга мажбур эмас. Энг катта масала – жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари бугунги ҳаёт, ҳаракат, шиддатга мос ишлаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эндиги масала Самарқанднинг эртанги кунини янада яхши қилиш, ёшларга имкониятларни кенгайтириш бирламчи вазифа бўлиши кераклигини қайд этди.
– 2020 йил оғир йил бўлди, манаман деган давлатлар иқтисодиёти бу синовларни кўтаролмади. Бу йил кечагига нисбатан интилишимиз ўзгариб, эртанги кун манфаати нуқтаи назаридан ҳаракат туйғуси пайдо бўлса, олдимизга қўйган режаларимизни бажара оламиз. Агар бизга кимдир қилиб беради, деган пайсалга солиш бўлса, бундай хоҳиш билан ҳеч қачон натижага эришолмаймиз, – деди Президент.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилда Самарқанд вилоятида қандай натижаларга эришиш учун ҳозирдан марраларни аниқ белгилаш лозимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та драйвер соҳани кўрсатиб ўтди. Булар – саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм. Ушбу соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар айтиб ўтилиб, масъуллар белгиланди.
2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди. Хусусан, 12 триллион сўмлик 1 минг 184 та ҳудудий, 18 триллион сўмликдан зиёд 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. 1,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 26 мингта доимий иш ўрни ташкил этилади.
Хусусан, энергетика соҳасида 974 миллион долларлик 8 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, натижада 1,8 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, Франциянинг “Тотал Эрэн” компаниясининг 100 миллион доллар сармояси ҳисобига шу йил декабрда Нуробод туманида қуввати 100 Мега-ватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.
Президент Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузилади.
Қўшработ, Иштихон ва Ургут туманларида 8 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиб, 4 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Чорвачиликда яна 4 минг, пиллачилик ва ипак маҳсулотлари тайёрлашда 12 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш асосий вазифа бўлиши таъкидланди.
Жорий йилда 915 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши, 658 километр ичимлик суви тармоқлари таъмирланиб, 210 та қишлоқ ва маҳалладаги сув таъминоти яхшиланиши айтиб ўтилди. Ипотека дастури доирасида 3 минг 450 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиб, 2 минг 200 та оилага субсидия берилади.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.