Шавкат Мирзиёев: Мен сизлардай кўзи ёнган, юраги ёнган ёшларни излайман, cизлар шунга муносибсизлар

25 Dek 2020

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Тошкентдаги “Humo Arena” саройига келганлар ва ҳудудлардаги иштирокчилар ўз фикрларини, таклиф ва мулоҳазаларини очиқ баён этди.

Давлатимиз раҳбари барча долзарб ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга шу ернинг ўзида кўрсатмалар берди.

– Форум давомида сизлар билан суҳбатлашган вазирлар менга саволларингни, фикрларингни айтиб берди. Давлат идоралари раҳбарлари ёшларнинг муаммоларини ота-она бўлиб, юрагидан ўтказиб, тизимли шуғулланмагани ҳақиқат. Энди ҳамма раҳбарлар ёшларнинг овозини эшитади, талабларини амалга оширади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз форум давомида билдирилган фикрлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишини таъкидлади.

– Мен сизларга бир сиримни айтаман: ҳудудларга борганда кўпроқ ёшлар билан учрашишга, улар билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Чунки мен сизлардай кўзи ёнган, юраги ёнган ёшларни излайман. Сизлар шунга муносибсизлар, – деди Президент.

Форумда “Humo Arena” саройига келган 3 минг 300, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.

– Бугун тарихий учрашувимиз. Келинглар, бу доимий бўлиб қолсин. Халқимиз меҳр кўзда дегандек, бир-биримизга меҳримиз абадий бўлсин, – дея сўзини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Форум иштирокчиларининг мамлакатимиз ёшларига мурожаати қабул қилинди.

Ушбу форум, Президент билан мулоқот мамлакатимиз ёшларига кўтаринки руҳ, унутилмас мотивация бағишлади. Тадбир якунидаги концерт катта байрам шодиёнасига айланиб кетди.

Related