Юқори даражадаги “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференцияси иштирокчиларига

03 Mar 2022

Ҳурматли делегация раҳбарлари!

Ҳурматли халқаро ташкилотлар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сизларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган, БМТ Аксилтеррор бошқармаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро конференцияда  қутлайман.

Мазкур форумни ўтказиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганлиги учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерришга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

ЕХҲТ Бош котиби Хельга Шмид хоним, БМТ Бош котиби ўринбосари жаноб Владимир Воронков, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман хонимга ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат идоралари раҳбарларига ушбу муҳим тадбирни ташкиллаштиришдаги ҳамкорлик учун эҳтиромимни изҳор этаман.

Сизлар конференция ишини қўллаб-қувватлаганингиз умумий хавфсизлик ва барқарорлик йўлида терроризм, бошқа таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда қарши туриш масаласида собитликнинг ишончли тасдиғидир.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Бугун биз халқаро муносабатларда низоларнинг кучайиши, мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик даражасининг пасайишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айни дамда дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари сақланиб қолмоқда, қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Ижтимоий ҳаёт ва иқтисодий фаолиятнинг барча жабҳаларига зарар келтирган пандемия БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ўта салбий таъсир қилмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги инқирозли ҳодисалар дунёдаги тенгсизликни кучайтирмоқда, низоларнинг кескинлашуви хавфини жиддий оширмоқда ва шу аснода терроризм ғояларининг тарқалиши учун қулай муҳит яратмоқда.

Шундай мураккаб шароитларда тобора ортиб бораётган глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш йўлида дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан 15 йил муқаддам дунёнинг барча мамлакатлари БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини бир овоздан маъқуллаган эдилар. Ушбу ҳужжат терроризмга қарши курашда миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган кенг қамровли, умумэътироф этилган илк ҳуқуқий асос бўлди.

2011 йилда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати уни рўёбга чиқаришга доир Қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлаб, биринчи бўлиб мазкур дастурий ҳужжатни минтақалаштириш бўйича намуна кўрсатдилар.

Ушбу режани амалга ошириш терроризмга қарши курашда умумий тамойиллар ва ёндашувларга доир минтақавий консенсусни мустаҳкамлаш, ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликнинг таъсирчан механизмларини яратиш имконини берди.

Минтақа мамлакатлари терроризмга қарши кураш бўйича ўз миллий тизимларини шакллантирдилар. Мамлакатларнинг БМТ тавсияларига тўлиқ мос келадиган ҳаракатлар стратегиялари ишлаб чиқилди.

Шу аснода давлатларимиз учун янада тартибли ва самарали мулоқотга киришиш, тажриба ва муҳим маълумотларни алмашиш, аксилтеррор ҳаракатлар салоҳиятини ошириш ҳамда ёлғиз амалга ошириб бўлмайдиган натижаларга биргаликдаги интилишлар орқали эришиш имконияти пайдо бўлди.

Натижада эса бугун кўплаб нуфузли халқаро рейтингларда Марказий Осиё дунёнинг энг хавфсиз минтақалари қаторидан ўрин эгалламоқда.

Кейинги йилларда бу ерда фундаментал ижобий ўзгаришлар рўй берди. Минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, ўзаро манфаат ва ишонч тамойилларига асосланган яхши қўшничилик муносабатлари изчил ривожланмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари мамлакатларимизнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича улкан салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам бермоқда.

Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўрар экан, минтақа давлатлари афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатмоқда, тинч иқтисодиётни қайта тиклашга ва ушбу мамлакатнинг минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашмоқда.

 

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон 14 та асосий универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаган бўлиб, халқаро террорчиликка қарши курашиш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда.

Мазкур соҳадаги давлат сиёсати кенг қамровлилик, инклюзивлик ва изчиллик ёндашувларига таянади. Барчамизга маълумки, бундай ёндашув ҳуқуқни муҳофаза қилиш чоралари билан бир қаторда превентив ва профилактик чораларни биргаликда олиб боришни, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясининг асосий йўналишларини рўёбга чиқаришда нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол қатнашишини назарда тутади.

Бу ишда жамиятда ўзаро англашув муҳитини қарор топтириш ва мулоқотни ривожлантириш, низоларнинг олдини олиш, маънавий-маърифий тарбия, таълимни, шу жумладан профессионал таълимни илгари суриш, бандликни таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш энг устувор йўналишлар ҳисобланади. Маданиятлараро ва динлараро мулоқот, аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда терроризмга қарши курашишнинг фундаментал асоси, бу – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлашдир. Ишончимиз комилки, терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирини инкор этувчи эмас, балки тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи мақсадлардир.

Аминманки, бугун сиз Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорлигимизни ҳар томонлама таҳлил қилишингиз ва уни янги муҳим йўналишлар билан тўлдиришингиз мумкин.

Шу нуқтаи назардан, терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қатор ташаббусларни кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биринчи. Шуниси аниқки, минтақада аксилтеррор стратегияни амалга оширишни муваффақиятли давом эттириш Қўшма ҳаракатлар режаси ижросининг боришини доимий мониторинг қилиш ва танқидий баҳолаш, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш механизмларини кучайтиришни тақозо этади.

Шу муносабат билан, минтақамизда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг офисини очиш зарурати аллақачон вужудга келган деб ҳисоблаймиз.

Марказий Осиёда терроризмга қарши курашиш йўлида ўзаро мувофиқлашган ҳамкорликдан максимал даражада уйғун самарага эришиш учун унинг хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланувчи етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан яқин алоқаларини таъминлашни таклиф этамиз.

Иккинчи. Бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари кибермакондаги терроризм билан тўқнашмоқда. Интернет радикал ғояларни тарқатиш, одамларни ёллаш, террорчилик ҳаракатларини молиявий таъминлаш, режалаштириш ва содир этиш воситасига айланмоқда.

Бундай шароитда давлатларимизнинг терроризм мақсадларида рақамли технологиялардан фойдаланишга қарши самарали курашиш соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш ғоятда муҳим аҳамиятга эга.

БМТнинг Аксилтеррор бошқармасини 2020 йилда қабул қилинган Марказий Осиёда киберхавфсизлик ва янги технологиялар бўйича дастурларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақириб қоламиз.

Ушбу дастур доирасида кибертерроризм соҳасида тажриба ва маълумотлар, тадқиқотлар ва энг яхши тажрибалар алмашинувини ривожлантиришга қаратилган Марказий Осиёда кибертерроризм бўйича Ягона электрон тизимни яратиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, кибермаконда хавфсизликка таҳдидларнинг трансчегаравий характерга эга эканлиги ахборот маконида экстремизм ва терроризмнинг турли кўринишларига қарши самарали курашиш имконини берувчи ягона халқаро ҳуқуқий механизмларни яратишни тақозо этмоқда. Бу масала юзасидан мулоқот ташкил этиш ва уни мувофиқлаштиришда БМТ кўмагига умид билдирамиз.

Учинчи. Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ҳарбий можаролар ҳудудидан 1500 нафардан зиёд ўз фуқароларини ватанга қайтарди, уларни реабилитация ва реинтеграция қилишда ўзига хос ёндашувларни ишлаб чиқди.

Шу муносабат билан БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси шафелигида Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи мутахассислари орасидан Минтақавий эксперт кенгаш таъсис этишни таклиф қиламиз. Радикал ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни реабилитация ва реинтеграция қилиш дастурларини такомиллаштириш ҳамда мамлакатларимизда терроризм тарғиботига қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кенгашнинг асосий вазифаси бўлади.

Тўртинчи. Терроризм ва экстремизмга қарши муваффақиятли курашишнинг энг муҳим шарти самарали ёшларга оид сиёсатдир. БМТнинг Ёшлар стратегиясида қайд этилганидек, ёшларда ўзини бир неча бор оқлайдиган бебаҳо ва ғоятда муҳим ресурс мужассамлашган.

Мамлакатларимиз келажаги ёш авлод қандай инсон бўлиб камол топиши, қандай таълим ва тарбия олиши, биз улар учун қандай шароитлар ва “ижтимоий лифтлар” яратиб беришимизга боғлиқ.

Шу каби барча масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун 2023 йилда Самарқанд шаҳрида, илгари таклиф қилганимиздек, доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Ёшлари кенгашини чақиришни таклиф қиламиз. Учрашувлар якуни бўйича мамлакатларимиз ёшлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ёш авлоднинг ўз иқтидорини намоён қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда экстремизм ва терроризм ғояларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш йўналишларида тажриба алмашишга доир батафсил Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарур.

Бешинчи. Хабарингиз бор, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясида бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, жамиятнинг барча қатламлари иштирокида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини илгари суриш муҳим ўрин тутади.

2018 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг Бош Ассамблеяси махсус “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Резолюцияда сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро англашувни қарор топтириш алоҳида таъкидланган.

Келгуси йилда БМТ шафелигида юқори даражадаги “Маърифат ва диний бағрикенглик” конференциясини ўтказиш ҳамда конференция якунлари бўйича БМТнинг Махсус резолюциясида мустаҳкамлаб қўйилган ғояларни илгари суриш йўлида амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишни таклиф қиламиз.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз улар минтақавий ва глобал миқёсида самарали мувофиқлаштириб борилгандагина натижа беради.

Айнан шу сабабли ҳам бугунги форум, қабул қилинажак Тошкент декларацияси ва Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича янгиланган Қўшма ҳаракатлар режаси фавқулодда муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро конференциянинг барча иштирокчиларига сермаҳсул фаолият, қизиқарли муҳокамалар, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилишини тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related