Янги туманда янги саноат корхонаси ишга тушди

21 Apr 2022

Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига келди.

Ташрифдаги биринчи манзил Кўкдала тумани бўлди. Бу маъмурий бирликни ташкил этиш ғояси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди. Олий Мажлис Сенатининг шу йил 17 мартдаги қарорига мувофиқ, аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида Чироқчи туманининг бир қисмида Кўкдала тумани ташкил этилди.

Президент ташрифи арафасида ушбу янги туманда “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонаси ишга туширилди. Унинг биноси енгил конструкциялардан қурилган. 500 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

– Кўряпсизлар, аёллар бўйича қанча қарорлар қабул қиляпмиз, ташкилий чоралар кўряпмиз. Бунинг замиридаги мақсад – сизларнинг қувончингизни кўриш. Бир аёлни, бир қизимни иш билан таъминласак, унинг кайфияти бутун хонадонга таъсир қилади, фарзандларини яхши ўқитади. Бугун ҳам кўп режалар, имкониятлар билан келдик. Ўзбекистонда орзулар амалга ошадиган замон қуришга ҳаракат қилаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корхона йилига 7 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг катта қисми “Samo” бренди остида экспорт қилинади. Бунинг учун таниқли хорижий брендлар билан ҳамкорлик режалаштирилган.

Кластер раҳбарига пахта ҳосилдорлигини ошириш, янги ерларни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумки, Еттитом шаҳарчаси Кўкдала туманининг маъмурий маркази этиб белгиланган. Энди бу ерда инфратузилмани ривожлантириш зарур. Президентимиз ушбу шаҳарчани батафсил режалаштириш лойиҳаси билан танишди.

Туман ҳудуди 171 минг гектар бўлиб, 32 та маҳалладан иборат. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари қурилади.

Президентимиз янги биноларни энергия тежамкор қилиб қуриш, уйлар тепасига қуёш энергияси панеллари ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўкдалада 500-1000 мегаваттлик қуёш электр станциялари ва қуёш панеллари қорхонасини барпо этиш имкониятини ўрганиш бўйича топшириқ берилди.

Шу ерда аҳоли вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Улар илгари Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатлаб йўл юрилгани, бу кўп қийинчилик ва харажатлар туғдирганини сўзлаб беришди.

– Кўкдала туманини ташкил этишдан асосий мақсад бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларимизни янги босқичга кўтаришдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқилиши таъкидланди. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади.

Related