ЎЗБЕКИСТОННИНГ ОЧИҚ, ПРАГМАТИК ВА ФАОЛ ТАШҚИ СИЁСАТИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ ЎРНИ

19 Apr 2023

Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, зиддиятлар ва турли
инқирозларга қарамасдан, Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриб,
халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўзининг
тинчликпарвар ташқи сиёсатини самарали амалга ошириб келмоқда.
Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва
қўшимчаларда, жумладан Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатининг
конституциявий асослари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг
жаҳон ҳамжамияти, энг аввало қўшни давлатлар билан дўстона
муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик
асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиши белгиланмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни Марказий Осиё
давлатлари билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришни
асосий устувор йўналиш, деб белгиланиши ҳамда мазкур йўналишда амалга
оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар натижасида сўнгги йилларда
минтақада сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Давлат
раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди, турли даражадаги
ўзаро расмий ташрифлар алмашинуви жадаллашди, давлатлар ва
шаҳарлараро транспорт алоқалари қайта тикланди. Шунингдек, минтақада
сувдан фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация
қилиш, чегараларни кесиб ўтиш, транспорт коммуникацияларидан
фойдаланиш каби масалаларга ечим топилди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар
кенгайиб, Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи савдо айланмаси ҳажми 2022
йил якунига келиб 2016 йилга нисбатан 3 баробарга ошди ва 7,5 млрд.
долларни ташкил этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг қўшни
давлатлар билан олий ва юқори даражадаги расмий ташрифлар алмашинуви
мунтазамлик касб этиб, улар доирасида имзоланиётган икки ва кўп
томонлама шартномалар сони ва кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Жумладан,
ўтган давр мобайнида Ўзбекистон қўшни Туркманистон, Қирғизистон (2017
йил) ва Тожикистон (2018 йил) билан стратегик шериклик ўрнатди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Иттифоқчилик муносабатларини
ўрнатиш тўғриси”да шартнома (2022 йил) имзоланди.

Қолаверса, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё
давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви (2022 йил 7 июль)
доирасида “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик,
аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланди.
Қўшни давлатлар билан бундай муҳим аҳамиятга эга икки ва кўп
томонлама шартнома ва келишувларга эришилганлиги Ўзбекистон олиб
бораётган тинчликпарвар, прагматик ва фаол дипломатиянинг маҳсулидир.
Ўзбекистон минтақавий ташқи сиёсатини янги босқичга олиб чиқди, бу, ўз
навбатида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим
стратегик қадамлардан бири бўлди.
Мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши глобал миқёсда мулоқот ва ишонч
тақчиллиги ортиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари ўртасида
дўстлик ва ҳамкорликнинг ривожланиши намуна сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидаги
ўрни ва саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. Жумладан, Президент
Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор
вазифаларидан бири Афғонистонда тинчликка эришишга қаратилди ҳамда
мазкур мамлакат хавф эмас, имкониятлар манбаи сифатида эътироф этила
бошланди.
Сўнгги йилларда нафақат Марказий Осиё давлатлари билан аҳил
қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда, балки
дунёнинг бошқа минтақалари, хусусан Европа, Америка, Кавказ, Жанубий-
Шарқий Осиё, Араб давлатлари, Ҳинд ва Тинч океани минтақаларидаги
давлатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар
ва стратегик ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистоннинг 2022–2023 йилларда учта нуфузли халқаро
ташкилотлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти
ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларида раислик қилиши ҳамда мамлакатда
мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида саммитларнинг
муваффақиятли ташкил этилганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва
кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат
мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш билан бир қаторда, Марказий
Осиёнинг барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига
айланишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ҳужжат –
Конституция қонун лойиҳаси ҳам Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли, очиқ ва
прагматик ташқи сиёсатини изчил олиб бориши, мамлакат атрофида тинчлик,
барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлаши, минтақа давлатлари
билан аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларини янада
мустаҳкамлаши, ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар доирасида

миллий манфаатларни фаол илгари суриши, шунингдек Ўзбекистоннинг
ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига мустаҳкам замин яратади.

Фаррух ХАКИМОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи

Related