Ўзбекистон ва Корея Президентларининг саммити бўлиб ўтди

28 Yan 2021

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.

Ушбу саммитни ўтказиш тўғрисидаги келишув давлат раҳбарларининг ўтган йил октябрь ойидаги мулоқотлари давомида эришилган эди.

Бугунги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олди.

Давлат раҳбарлари тадбирни очиб, бир-бирларини самимий қутлар эканлар, ушбу саммит кириб келган янги йилда иккала томон учун ҳам биринчи учрашув эканини қайд этдилар. Бу икки томонлама ҳамкорликда жуда юксак даражага эришилганидан яна бир бор далолат беради.

Таъкидланганидек, кўп қиррали Ўзбекистон-Корея муносабатлари, пандемияга қарамасдан, изчил ривожланишда давом этди. Ўтган йили давлат раҳбарлари телефон орқали икки марта мулоқот қилдилар ҳамда Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида биргаликда иштирок этдилар.

Мураккаб шароитларда йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларининг амалга оширилиши таъминланди, янги кооперация объектлари ишга туширилди. Жанубий кореялик шерикларнинг кўмаги ва иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган, минтақамиз учун ноёб бўлган замонавий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шулар жумласидан.

Ўзбекистон Президенти корейс томони янги коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак баҳолади ҳамда ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш, унга чалинганларни самарали даволаш ва реабилитация қилишда мамлакатимизга кўрсатилаётган катта амалий кўмак учун миннатдорчилик билдирди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар борасида сўз юритар эканлар, алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар.

Мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро алмашинувларни фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган икки томонлама тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилди.

Олий, касб-ҳунар ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва реставрация қилиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон ҳудудларида Жанубий Корея етакчи университетларининг филиаллари ва кадрларни профессионал тайёрлаш бўйича қўшма марказлар сони ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Мамлакатларимизнинг етакчи олий таълим муассасаларида ўзбек ва корейс тилларини ўқитишни кенгайтиришга, шунингдек, корейс диаспорасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари ва идоралари даражасида йўлга қўйилган самарали ишлар қайд этилди. Президентлар инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида ушбу мулоқотларни давом эттириш топшириғини бердилар.

Таъкидланганидек, жорий йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштириш кутилмоқда.

Бундан ташқари, юқори технологик соҳаларда, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда қиймати жами 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган 55 та янги лойиҳа тайёрланмоқда.

Икки томонлама устувор дастурларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш фонди (EDCF) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан самарали шериклик олиб борилаётгани юксак баҳоланди.

Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш муҳим эканини таъкидладилар. Кейинги йилларда товар айирбошлашда рекорд кўрсаткичларга эришилди.

Экспорт-импорт амалиётлари ўртасидаги номутаносибликни текислаш ва уларнинг номенклатурасини диверсификация қилиш масалаларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш учун фитосанитария хизматларининг ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсадда томонлар эркин савдо тўғрисидаги икки томонлама битимни имзолаш бўйича музокараларни бошлайдилар.

Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлади.

Саммит чоғида глобал ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Томонлар БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида, шунингдек, юқори технологиялар, “яшил” ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги дастурларни илгари суриш мақсадида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида яқиндан ҳамкорликни давом эттирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Сеулнинг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Томонларнинг минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича ташаббуслари юксак баҳоланди.

Давлат раҳбарлари экология соҳасидаги ҳамкорлик, шу жумладан Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Президент Мун Чжэ Ин Президент Шавкат Мирзиёевга ўзи учун қулай бўлган вақтда Корея Республикасига ташриф билан келиш тўғрисидаги таклифини тасдиқлади.

Саммит якунида “Тўртинчи саноат инқилоби”га кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум,  EDCF билан ҳамкорлик бўйича уч йилга мўлжалланган 1 миллиард долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим, замонавий кўп тармоқли клиника ва лойиҳавий институт – Кимёвий технологиялар марказини қуриш лойиҳалари бўйича заём битимлари имзоланди.

Бундан ташқари, етакчи компаниялар даражасида мамлакатимиз энергетика инфратузилмасининг муҳим объектларини модернизация қилиш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Давлат раҳбарлари ҳар доимгидек очиқ, самимий, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган саммит якунларидан мамнун эканликларини қайд этдилар.

Томонлар онлайн-музокаралар ўз вақтида ўтказилгани ва натижадорлиги жиҳатидан юзма-юз учрашувлар амалиётидан қолишмаганини таъкидладилар.

Президентлар дўстлик ва кенг кўламли шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Related