Ўзбекистон ва Туркия етакчилари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар

24 Iyul 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Туркия етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатлараро ҳамкорликда юксак даражага эришилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Турли даражаларда самарали мулоқотлар давом этмоқда, товар ва юк айирбошлаш, инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, қўшма корхоналар сони ва авиақатновлар кўпаймоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари телефон орқали мулоқотда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Related