Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи якунланди

04 Iyul 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди.

Давлатимиз раҳбари 2 июль куни Боку шаҳрида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан самарали музокаралар ўтказди.

Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Етакчилар Боку шаҳрида биргаликда «Ўзбекистон» боғига асос солдилар ва Ўзбекистон элчихонасининг янги биносини очдилар, «Sea Breeze» дам олиш маскани фаолияти билан танишдилар.

3 июль куни Ўзбекистон Президенти Озарбайжон Президенти ҳамроҳлигида Хонкенди шаҳридаги қўшма тикувчилик фабрикаси фаолияти ҳамда Ағдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуаси билан танишди.

Бугун давлатимиз раҳбари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этиб, шерикликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди ва қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саммит доирасида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Фузулий халқаро аэропортида Президентимизни Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Related