Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди.
Шайх Мансур Ол Наҳаён давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар тилади. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Холид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, жорий йил январь ойида БААга амалга оширилган олий даражадаги ташрифда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Устувор йўналишларда, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма инвестиция лойиҳалари портфели, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Яқин мулоқотни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.