25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун Россия делегацияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, инвестиция дастурларини амалга ошириш ва янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари кооперацияси учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.
Машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, кимё ва фармацевтика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган саноат кўргазмаси доирасидаги ишбилармонлик тадбирларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.