Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчисини табриклади

29 Iyun 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Миллий етакчининг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва жадал ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги тарихий ўрни алоҳида қайд этилди.

Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда эришилган ютуқлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, муҳим қўшма иқтисодий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Етакчилар қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишида саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳалари, ҳудудлараро ва маданий алмашинувни ривожлантириш бўйича янги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этдилар.

Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Related