Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш режаларини муҳокама қилдилар

24 Iyul 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Корея Республикаси Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида янги зафарлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон Президенти, ўз навбатида, Жанубий Корея раҳбарини бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклаб, белгиланган режаларни амалга оширишда катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Тарихий дўстлик ришталари, ўхшаш менталитет, анъана ва қадриятларга асосланган икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва қўшма корхоналар сони барқарор ошиб бормоқда. Корея компания ва ташкилотларининг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея Эксимбанки билан самарали молиявий-техник ҳамкорлик давом этмоқда.

Давлат раҳбарлари икки томонлама шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш ва олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.

Шу маънода, Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқоти ва Ҳукуматлараро комиссиянинг бўлажак йиғилишларини самарали ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан «Марказий Осиё – Корея Республикаси» формати доирасидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Related