Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич!
Муҳтарам учрашув қатнашчилари!
Бетакрор Авазада аъло даражада ташкил этилган саммит ва анъанавий самимий меҳмондўстлик учун ҳурматли Туркманистон Президенти ва қардош туркман халқига чин қалбимдан чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этаман.
Ушбу муҳташам залда муҳтарам ҳамкасбларимни кўриб турганимдан мамнунман.
Анжуманимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакили Наталья Герман хонимнинг иштирокини олқишлайман.
Муштарак сиёсий иродамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда барқарор ривожланиш маконига айланиб бормоқда.
Минтақамизда янги сиёсий муҳит шаклланишида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Бизнинг олий даражадаги учрашувларимиз мунтазамлик тусини олаётгани минтақамизнинг ноёб ва улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга имкон яратмоқда.
Туркман дўстларимиз томонидан таклиф қилинган учрашув кун тартибини долзарб ва замонавий талаблардан келиб чиққан, деб ҳисоблаймиз.
Ўз навбатида, бу борада Ўзбекистоннинг таклиф ва қарашларини билдиришни истардим.
Биринчи. Бугунги реал воқелик биздан Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлашни талаб қилмоқда.
Узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётимизнинг янги драйверларини белгилаб олиш ғоят муҳимдир.
Ҳудудлараро савдо-сотиқни янада кенгайтириш зарур. Эркин савдо тартибига тўлиқ ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали биз мустаҳкам қўшимча қиймат занжирларини яратишимиз мумкин бўлади.
Бунинг учун тадбиркорларимиз ва минтақаларимиз ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқалари ўрнатишни рағбатлантиришимиз ҳамда мунтазам равишда инвестицион ва иқтисодий форумлар ўтказишни йўлга қўйишимиз зарур.
Ҳурматли ҳамкасбларим томонидан бу соҳада илгари сурилган муҳим ташаббус ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни қабул қилиш вақти етди, деб ҳисоблайман.
Иккинчи. Муштарак стратегик манфаатларимиз йўлида биз минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз зарур.
Ишончимиз комилки, мамлакатларимиздаги ривожланган ва бир-бирига интеграциялашган транспорт тизимлари минтақамизни Евроосиё қитъасининг муҳим транспорт хабига айлантириш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмаларидан, жумладан, Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларидан тўлиқ фойдаланиш тарафдоримиз.
Бундан ташқари, биз келажакда Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар трансафғон коридори, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўлларининг имкониятларидан фойдаланишни режалаштирмоқдамиз.
Шунингдек, санитария талабларига амал қилган ҳолда мамлакатларимиз ўртасида тўлақонли транспорт қатновларини тиклашни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Учинчи. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, миллий иқтисодиётлар ва аҳоли нуфусининг ўсишини ҳисобга олсак, минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Шу муносабат билан, биз «яшил» энергетика ва энергия соҳасидаги самарадор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари электр энергиясини мувофиқлаштириш кенгашининг фаолиятини кучайтиришни, унинг мандат ва ваколатларини кенгайтиришни, шунингдек, мамлакатларимизнинг ушбу тузилмадаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қиламиз.
Тўртинчи. Пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммолари кескин тус олмоқда. Жаҳоннинг маълум бир минтақаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши ва уларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.
Мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувларини доимий равишда ўтказиб бориш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Унинг биринчи йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий этиш ҳақидаги масалани киритишни таклиф қиламан.
Бу озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва уларнинг сифатини назорат қилиш, жумладан, халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича аниқ йўналишлар ва қўшма дастурларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Бешинчи. Афсуски, пандемия ҳамон аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиб, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозларига кўра, биз унинг оқибатларини яқин йилларда ҳам ҳис қилишимизга тўғри келади. Буларнинг барчаси биздан яқин минтақавий ҳамкорликни ва бир-биримизга ўзаро ёрдам кўрсатиб боришни талаб қилади.
Бунинг учун вакцинация сертификатлари ва тест натижаларини тан олиш мақсадида ягона ахборот тизимини ишга туширишни, юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда тажриба алмашишни ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлашни кенгайтиришни, ҳаётий муҳим дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун фармакология ва кооперация соҳасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламан.
Олтинчи. Минтақадаги экологик муаммолар доимо барчамизнинг диққат-эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Орол денгизининг ҳалокати оқибатларини юмшатиш учун барча зарур чораларни кўриш, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришимиз керак.
Биз, шунингдек, мамлакатларимизнинг иқлим ўзгаришларига мослашуви, шу билан бирга, ресурсларни тежайдиган технологияларни кенгроқ татбиқ этишга кўмаклашадиган “Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Ҳурматли делегация раҳбарлари!
Бунёдкорлик режаларимизнинг истиқболи ҳақида сўз юритар эканмиз, афғон омилини ҳисобга олмаслигимиз мумкин эмас.
Бутун минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан қўшни Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл орқали тартибга солиниши билан бевосита боғлиқдир.
Бизнинг бу масаладаги ёндашувимиз – ўт очиш ва зўравонликни тўлалигича тўхтатиш, музокаралар асосида барча томонлар учун мақбул бўлган келишувга эришишдан иборат бўлиб, бу тинчлик жараёнларини таъминлашнинг асосий шарти, деб ҳисоблаймиз.
Биз мамлакатда вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш учун йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ташаббусини илгари сурамиз.
Дўст афғон халқига имкон борича гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттирамиз.
Муҳтарам ҳамкасблар!
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида сезиларли ютуқларга эришдик.
Бу амалий жиҳатдан янги мазмунга эга вазифаларни, яъни дунёнинг бошқа минтақалари билан янада яқин алоқалар ўрнатишга имкон беради.
Яқинда Тошкентда ўтказилган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлиги бўйича халқаро конференция натижалари бундай ёндашувни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганини яққол кўрсатди.
Фурсатдан фойдаланиб, форумни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга яна бир бор миннатдорлик билдиришни истар эдим.
Биз умумий саъй-ҳаракатларимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинишини таъминлашимизга аминман.
Бу масалани Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази қўллаб-қувватлашига ҳамда унда фаол иштирок этишига умид билдирамиз.
Қадрли дўстлар!
Минтақа аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларнинг мамлакатларимиз ривожланишида қанчалик муҳим ўрин тутишини барчамиз яхши тушунамиз.
Бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш давом этаётган бугунги кунда биз Марказий Осиёнинг келажаги бўлган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз лозимки.
Шу мақсадда келгуси йили Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этамиз. Мазкур анжуман мамлакатларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш учун ўзига хос майдонни шакллантириш йўлидаги салмоқли қадам бўлади.
Бундай мулоқот майдонини ташкил этиш халқларимизнинг юксак аҳлоқий қадриятлари ва беқиёс маънавий меросини асраб-авайлаш, уни янада бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказишга кўмаклашади.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш халқларимизнинг қардошлик ришталарини мустаҳкамлашнинг яна бир муҳим омили ҳисобланади.
Фестиваллар, маданият ва кино кунлари ҳамда Марказий Осиё маданий меросига бағишланган китобларни биргаликда нашр этишга бўлган талаб бугунги кунда тобора ортиб бормоқда.
Бугун туркман дўстларимизнинг ташаббуси билан ташкил этилаётган қўшма гала-концерт ҳамда миллий таомлар фестивали, ишбилармонлар форуми ва саноат кўргазмасини қўллаб-қувватлаймиз.
Мана шундай тадбирларни ўтказиш эзгу анъанага айланса, жуда ҳам яхши иш бўлар эди.
Минтақамиз ҳудуди бўйлаб амалга ошириладиган туризм халқларимизнинг яқинлашишига кўмаклашадиган яна бир амалий омил ҳисобланади.
Шу муносабат билан ҳукуматларимизга сайёҳлик йўналишларининг барча қирраларини қамраб олган “Битта саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини рўёбга чиқаришга киришиш бўйича топшириқ беришни таклиф этамиз.
Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
Бугунги саммит қутлуғ сана – давлатларимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтмоқда. Бу эса анжуманга алоҳида шукуҳ бағишламоқда.
Ўтган йиллар барчамиз учун мураккаб давр бўлди.
Бундан асосий хулоса шуки, биз фақат биргаликда, аҳилликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда олдимизда турган муаммоларни самарали ҳал қилишимиз, минтақамизнинг барқарор ривожланишини таъминлашимиз ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришимиз мумкин.
Бошқа муқобил йўл йўқ!
Минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор ва ортга қайтмас мазмун бахш этиш, “халқ дипломатияси” имкониятларини кўпроқ ишга солиш, парламентлар ва медиа соҳани жалб қилиш ғоят муҳим ҳисобланади.
Марказий Осиё мамлакатлари аёллари мулоқотини янада ривожлантириш, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳаракатларини олқишлаймиз.
Парламентаризмнинг юксалиб бораётган ролини эътиборга олган ҳолда, Тошкентда Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф қиламиз.
Саммит якунида ҳамкорлигимизнинг энг устувор масалалари бўйича умумий позицияларимизни ўзида ифода этадиган Қўшма баёнот қабул қилинишини муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Туркманистон Президенти, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов ташаббуси билан юқори даражада ташкил қилинган Маслаҳат учрашуви натижалари Марказий Осиёда яшаётган биродар халқларимизнинг кўпқиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.
Эътиборингиз учун раҳмат.