Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи

18 Sen 2021

Ҳурматли Эмомали Шарипович!

Ҳурматли ҳамкасблар! Мажлис иштирокчилари!

Сизларни чин дилдан қутлайман ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг йигирма йиллиги муносабати билан билдирилган барча табрикларга қўшиламан.

Тожикистон Республикаси Президенти, ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмонга бизга кўрсатилган ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик ва юбилей учрашувимиз аъло даражада ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман.

Тожикистон томонининг муваффақиятли раислигини, унинг давомида кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларида очиқ ва самарали мулоқот таъминланганини юксак баҳолаймиз.

Душанбе саммити – ташкилотимизнинг роли ва аҳамияти юзасидан фикр алмашиш, унинг салоҳиятига ва биргаликда ишлаш истиқболларига янгича назар билан қараш учун яхши имконият.

Ҳақиқатдан ҳам, ўтган даврда ШҲТ жаҳон сиёсатининг муҳим субъектига айланди, нуфузли халқаро тузилмалар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.

Минтақавий шериклик “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида мустаҳкамланиб бормоқда.

Янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши туриш бўйича қўшма салоҳиятимиз мустаҳкамланмоқда, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун барчамиз дунёда ва минтақада кескинлик ортиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Пандемиянинг салбий оқибатлари сақланиб қолмоқда.

Буларнинг барчаси биздан янада жипс бўлиш ва ташкилотимиз доирасида бир-биримизни қўллаб-қувватлашни талаб этмоқда.

Шу мақсадда:

– ШҲТнинг очиқлигини, учинчи давлатлар ва бошқа ташкилотларга қарши қаратилмаганлигини сақлаб қолиш;

– умумий хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва биргаликда чора кўриш;

– минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш;

– минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш, ШҲТ маконида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ҳамкасбларимнинг чиқишларида таъкидланганидек, барчамиз Афғонистондаги вазиятдан жуда хавотирдамиз.

Бугун ушбу мамлакатда янги воқелик рўй берди, ҳокимият тепасига янги кучлар келди. Бу – амалга ошиб бўлган факт. Шу муносабат билан Афғонистондаги вазиятга, шунингдек, мамлакатнинг янги ҳокимияти билан мулоқотни ривожлантиришга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.

Хусусан, давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан кенг сиёсий вакилликка эришиш; минтақада экстремизмнинг кўпайишига ва радикал мафкура экспортига, Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга қарши бузғунчи ҳаракатлар учун фойдаланилишига йўл қўймаслик; инсоннинг, шу жумладан хотин-қизлар ва миллий озчиликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш; кенг кўламли гуманитар инқироз, қочоқлар оқимининг ўсишининг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ушбу мамлакатга кўмакни давом эттириш муҳимдир.

Бу борада Афғонистоннинг хорижий банклардаги давлат активларига нисбатан қўлланган музлатишни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқиш лозим.

Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида “ШҲТ – Афғонистон” форматида, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиб боришни таклиф этамиз. Биринчи шундай учрашувни Тошкент шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.

Азиз дўстлар!

Бугунги саммит якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек шарафли ва жуда масъулиятли вазифа Ўзбекистон Республикасига ўтмоқда.

Ҳурматли ҳамкасбларимдан билдирган табриклари ва эзгу тилаклари учун чин дилдан миннатдорман.

Ўз навбатимда, биргаликдаги ишларимизнинг келгуси даврга мўлжалланган устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олишни истардим.

Биринчи. ШҲТ салоҳияти ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимдир.

Навбатдаги учрашувимизга қадар Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани келгуси беш йилда амалга ошириш бўйича комплекс дастур тайёрлашни таклиф этамиз.

Иккинчи. ШҲТнинг минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурамиз.

Унга савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божхона тартиботларини рақамлаштириш бўйича биргаликдаги чораларни ҳамда бозорларга ўзаро чиқишни енгиллаштириш бўйича бошқа тадбирларни киритиш лозим.

Учинчи. ШҲТ саноат кооперацияси дастурининг қабул қилинишини жадаллаштириш муҳим.

Мамлакатларимизда Индустриал кооперация марказларининг ташкил этилиши дастурни амалга оширишнинг амалий механизми бўлади.

Биз, шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Иқтисодий форуми ва Саноат янгиликлари ҳафталигини ўтказишга тайёрмиз.

Тўртинчи. ШҲТнинг Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича стратегиясини қабул қилиш мамлакатларимиз транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” коридорлар тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ШҲТ маконида инфратузилмавий ривожланиш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз. Унда энергетика, коммуникациялар, “яшил” тараққиёт соҳаларидаги трансчегаравий лойиҳаларни киритиш мумкин.

Бешинчи. Камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш маслалари биз учун алоҳида долзарб аҳамиятга эга.

Бу борада вазирлар учрашувлари ва экспертлар маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиб бориш механизмини яқин фурсатда жорий этишни ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Олтинчи. ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳим устувор йўналиш ҳисобланади.

Бугун қабул қилинаётган Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорнинг амалга оширилиши, жумладан, ШҲТ МАТТ салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш бунга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатда акс этган ташаббуслар терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, шунингдек, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш имконини беради.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг учрашувларини тиклашни таклиф қиламиз.

Еттинчи. Ҳамкорларимиз ахборот хавфсизлиги соҳасида тўплаган муваффақиятли тажрибани ҳисобга олиб, ШҲТнинг бу мавзуга бағишланган экспертлар форумини таъсис этиш мақсадга мувофиқ.

Бу кибермакондаги замонавий таҳдид ва хатарларга мос равишда жавоб қайтариш бўйича ўзаро келишилган чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Саккизинчи. Биз “халқ дипломатияси”да биргаликда эришилган натижаларни ижобий баҳолаймиз, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма маданий, фан-таълим, спорт ва бошқа тадбирларни ўтказишдан манфаатдормиз.

Шу мақсадда “ШҲТ Эзгу ният элчиси” институтининг таъсис этилиши тарафдоримиз.

Шунингдек, мамлакатларимизнинг Туризм соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисида ҳукуматлараро битим тайёрлашни таклиф қиламиз.

Тўққизинчи. Пандемия соғлиқни сақлаш соҳасида янада яқиндан ҳамкорлик қилиш зарурлигини кўрсатди. Бу борада инфекцион касалликларни профилактика қилиш ва даволаш, ковиддан кейинги реабилитация, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олиш масалаларида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилишимиз лозим.

Ўнинчи. Ўзбекистон раис сифатида ташкилотимиз доирасидаги ҳамкорлик лойиҳаларига кузатувчилар ва мулоқот бўйича шерикларни фаол жалб қилишни режалаштирган.

Бугун қабул қилинаётган Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини бошлаш ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги қарорларни олқишлаймиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

ШҲТ бош котиби лавозимига жаноб Чжан Мин номзодини қўллаб-қувватлаймиз ва унга катта муваффақиятлар тилаймиз.

Минтақавий аксилтеррор тузилма Ижроия қўмитаси директори лавозимига Руслан Мирзаев номзоди қўллаб-қувватлангани учун ҳамкасбларимга миннатдорлик билдираман.

Шунингдек, ШҲТ Котибияти ва МАТТ Ижроия қўмитасига умумий мақсадларимизни ва ташкилотимиз вазифаларини илгари суришдаги қизғин фаолияти учун ташаккур изҳор этаман.

Муҳтарам ҳамкасблар!

Бугун қабул қилинаётган ғоят муҳим қарор ва ҳужжатлар мамлакатларимизнинг янада ривожланиши ва ШҲТ нуфузининг юксалишига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни келгуси йил 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига таклиф этаман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Related