Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосарини қабул қилди

24 Noy 2021

24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Валини қабул қилди.

Учрашувда глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф ва хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган бўлинмаси ўртасидаги амалий ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани ва самарали тус олгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатимизда 1995 йилдан буён бошқарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Унинг фаол иштирокида кейинги бир неча йилда амалдаги минтақавий дастур доирасида умумий қиймати 24 миллион долларлик молиявий-техник кўмак лойиҳалари бажарилди ва амалга оширилмоқда.

Гада Валининг ташрифи доирасида Марказий Осиё мамлакатлари учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги минтақавий ҳамкорлик дастури қабул қилинди, ушбу дастурда бешта устувор йўналишда 90 миллион долларлик тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, шу кунларда Самарқанд шаҳрида Ёшларнинг гиёҳванд моддаларга қарши минтақавий тармоғи ишга туширилади ҳамда Бухоро шаҳрида Одам савдосига қарши кураш бўйича халқаро конференция ўтказилади.

Учрашувда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси, уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасида, коррупцияга қарши курашиш мақсадида электрон платформа жорий қилиш ва бошқа йўналишларда шериклик ва ўзаро мувофиқлашувни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Минтақадаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилиб, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш ва ушбу мамлакатга амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлашган саъй-ҳаракатлари муҳим экани таъкидланди.

Мамлакатимизнинг БМТ бошқармаси билан тизимли ва кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Related