Ҳурматли афғонистонлик дўстлар!
Маросим қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Ушбу тарихий тадбирда иштирок этишга таклиф учун самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Афғонлараро инклюзив музокараларнинг бошланиши Афғонистон заминида узоқ кутилган тинчлик ва барқарорлик узил-кесил ўрнатилишига хизмат қилишига ишонаман.
- Ўзбекистон Афғонистонни азалий дўстлик ришталари, умумий тарих, дин, урф-одатлар ва анъаналар боғлаб турган яқин ва қардош мамлакат, деб ҳисоблайди.
Биз Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатилиши – бу бутун Марказий Осиё минтақаси учун барқарорлик ва фаровонлик гаровидир, деган нуқтаи назар тарафдоримиз.
- Шубҳасиз, инклюзив тинчлик музокараларини барча манфаатдор томонларнинг машаққатли меҳнатисиз, муайян муроса ва ўзаро келишувга эришмасдан бошлаб бўлмас эди.
Шу сабабли, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Қатар пойтахти Доҳада афғонлараро музокараларнинг дастлабки босқичини ўтказиш тўғрисидаги қарорни олқишлади.
Доҳа музокаралари Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш умумий жараёнининг бошланишидаги асосий босқич бўлади, деб ишонамиз.
Биз, шунингдек, мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича сиёсий жараён фақат афғонларнинг ўзи ва Афғонистон халқи бошчилигида амалга оширилиши лозим, деган асосий тамойилга риоя қилиш заруратига қатъий ишонамиз.
- Биз тинч Афғонистон умумий минтақамиз изчил тараққиёти, хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда барча қўшни мамлакатлар учун тенг ҳуқуқли шерик бўлишидан манфаатдормиз.
Ҳурматли дўстлар!
Шубҳасиз, Афғонистон бўйича Тошкент халқаро анжумани афғонлараро инклюзив музокараларни бошлаш учун халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга хизмат қилди.
Ўзбекистон афғонлараро тинчлик музокаралари босқичларидан бирини гўзал Самарқанд шаҳрида ташкил этишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Фурсатдан фойдаланиб, биз Қатар ҳукуматига Доҳада афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашдаги улкан саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз.
Афғонистонлик дўстларимизга эзгу мақсадга эришишда муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!