
Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиётига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳамидов шу йил 10 декабрь куни 82 ёшида вафот этди.
А.Ҳамидов 1943 йил 20 октябрда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда тумандаги “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида механизаторликдан бошлади. Кейинчалик ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида меҳнат қилди. 2007 йилда “Шаҳанд ҳумо қуши” фермер хўжалигини ташкил этиб, кўп йиллар давомида фидойилик билан фаолият юритди.
А.Ҳамидов қарийб 60 йиллик иш фаолияти мобайнида ўзини деҳқончилик илмини чуқур биладиган ҳақиқий миришкор, замонавий агротехнологияларни пухта эгаллаган, пахтачиликда ўз мактабини яратган фидойи фермер, меҳнатсевар, самимий ва эл-юртига садоқатли инсон сифатида намоён этиб, мамлакатимизда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракати ривожини янги босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшди.
У Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати сифатида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларида алоҳида фаоллик кўрсатди.
Абдураим Ҳамидовнинг узоқ йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган эди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг таниқли намояндаси, жонкуяр устоз, самимий ва камтарин инсон Абдураим Ҳамидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, С.Турдиев, Ш.Абдураззоқов