Бирлашган Миллатлар ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар, хорижий мамлакатлар, жумладан, Европа давлатлари етакчилари, машҳур компаниялар раҳбарлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бетакрор ўрнини, айниқса, нафақат мамлакатда, балки бутун минтақада барқарорликка эришиш, осойишталикни асраб-авайлаш масаласида юзага келадиган вазиятларда фавқулодда ечим топа олиш, минтақа ва бутун дунё мамлакатлари билан дўстона ва хайрихоҳ муносабатни йўлга қўйиш қобилиятини эътироф этишмоқда.
Кўп миллатли халқимизнинг ўзига хос бирдамлиги, жипслиги бугунги кун таҳдиди ва хавфига қарши туришда беқиёс аҳамият касб этади.
Афғонистон дунёдаги энг ноёб давлатлардан бири, жаҳон цивилизациялари, ирқлари, динлари, кўп асрлик маданиятлари, анъаналари ва турмуш тарзи кесишган жой. Урушлар, босқинлар, кўчиришлар, шу билан бирга, бу мамлакатнинг ажойиб одамларининг ҳаёт ва озодликка, меҳнатга ва тинч бунёдкорликка бўлган ҳайратланарли муҳаббати Осиёнинг бу чорраҳасида ўчмас из қолдирди. Афғонистон замини дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда кўпроқ босқинларни кўрган давлат.
Афғонистондаги воқеаларга ўзбек халқи ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Шарқда: “Узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал” деб бежиз айтишмаган. Аммо бу мамлакатда узоқ вақтдан бери давом этган фуқаролар уруши, сиёсий ва ҳарбий тўқнашувлар яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имконини бермади. Бундан ташқари, ҳарбий жараёнлар минтақанинг Афғонистон билан чегарадош давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон учун кескин вазият яратди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикасини минтақавий хавфсизликка потенциал таҳдид сифатида эмас, балки Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, у Афғонистонга тинчлик ва барқарорлик Марказий Осиё ва бутун Евроосиёнинг стратегик ривожланиши учун янги истиқболларни очаётган давлат сифатида янгича қарашни таклиф қилди. Бунинг учун, деди Президент, бу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларга жалб қилиш, умумий лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарур.
Ҳозирги Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудлари бир вақтлар ягона давлат – Кушонлар, Сомонийлар, Темурийлар, Ғазнавийлар худудлари бирлаштирган. Буюк Ипак йўли эса кўп асрлар давомида умумий маданий ва иқтисодий тараққиётнинг боғловчи бўғинига айланган. Айнан мана шу маданий-тарихий анъаналарнинг умумийлиги Марказий Осиёнинг ягона маданий-иқтисодий маконга интеграциялашуви учун асос бўлиши, бунда минтақанинг барча халқлари эса ўзларини бир катта ва дўстона оиладек ҳис қилиши керак.
Ўзбекистон жанубий қўшнисига нисбатан ҳамиша самимий дўстона алоқада бўлиб келган. Айниқса, унинг учун оғир кунларда, оғир ҳарбий вазиятга қарамай, ўзбек мутахассислари Афғонистонда корхоналар қуриш, йўллар ётқизиш ва таъмирлаш ишларида меҳнат қилган. Афғонистонликлар бу алоқаларни юксак қадрлайдилар ва доимо ўз муносабатларини билдирадилар. Ўзбеклар бу кўп миллатли мамлакатда сони бўйича учинчи ўринда турганини ҳисобга олсак, бир-бирини боғловчи бундан кучлироқ риштани тасаввур қилиш қийин.
Бугунги кунда Амударё Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара дарёси бўлиб, у бир вақтлар халқларимизни бир-биридан ажратмаган, балки бирлаштирган умумий савдо йўли бўлган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Амударё бўйида тиллари ўхшаш, ягона муқаддас дин, муштарак маънавий қадриятларни бирлаштирган халқлар азалдан яшаб келмоқда. Дарё ҳар доим умумий ҳаёт манбаи бўлиб келган, лекин ҳеч қачон эркин ҳаракатланиш, савдо алоқаларини ривожлантириш, фан ютуқлари алмашинуви ва маданиятларни ўзаро бойитиш учун тўсиқ бўлмаган.
Ҳозирги Афғонистон ҳудудида Абу Райхон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби Ўрта Осиё Уйғониш даврининг атоқли намояндалари – буюк аждодларимиз яшаб ижод қилганлар. Бугун эса Ўзбекистон Афғонистон билан мавжуд сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичда ривожлантирмоқда. Ва бу муносабатларни муболағасиз жуда самимий, биродарлик муносабатлар деб аташ мумкин.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам яқинлашувнинг янги воситасига айланди. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ўзаро келишилган таълим дастурлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, турли йўналишлар бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишдан иборат.
Айни пайтда бу ерда афғонистонлик йигит-қизлар таҳсил олмоқда.Улар нафақат тил ва адабиёт ўқитувчиси, балки ҳамширалик ва транспорт коммуникацияларини бошқариш йўналишларини ҳам ўзлаштирмоқда.
Ўзбек тили Афғонистонда ўнга яқин шимолий вилоятда асосий расмий тил, мамлакат бўйича эса тан олинган расмий тиллардан бири ҳисобланади.Ўқув маркази фаолиятининг истиқболли йўналишлари сифатида темир йўл транспорти ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳам белгиланди. Афғонистон фуқароларини мамлакат иқтисодиёти эҳтиёжлари ва ривожланиши учун ҳақиқатда талаб қилинадиган мутахассисликлар бўйича ўқитишга устувор аҳамият берилди.
Халқ дипломатияси соҳасида мамлакатларни бир-бирига яқинлаштириш учун кўп ишлар қилинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўмагида 2018-йилда “Ўзбекистон-Афғонистон” дўстлик жамияти ташкил этилгани, унинг асосий мақсади икки мамлакат халқлари ўртасида гуманитар, маънавий-маданий, илмий-маърифий, таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилгани муҳим тарихий воқеа бўлди. Жамиятга таниқли афғоншунос олим, филология фанлари доктори Абдураҳим Маннонов раҳбарлик қилади. Жамиятнинг мақсадлари икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, уларнинг маънавий-маданий асосларини мустаҳкамлаш, Афғонистон халқини мамлакатимизда маданият, санъат, фан ва таълим ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқлар билан яқиндан таништиришдан иборат.
2020-йил февраль ойида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Афғонистон Ислом Республикасининг 15 нафар олим, ёзувчи ва шоирларидан иборат бўлган ва Ўзбекистонга таклиф билан ташриф буюрган салмоқли делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Делегация раҳбари, Кобул университетининг таниқли олими Муҳаммад Ашраф Шарифий делегация номидан Қўмита ва Ўзбекистон ҳукуматининг тарихий ва маданий яқин халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрни ва бу борадаги ишларни амалга ошириш имкониятларини юқори баҳолади. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳаларда узоқ муддатли қўшма лойиҳалар имзоланди.
Ўзбекистон Президентининг сиёсий иродаси ва Афғонистон раҳбариятининг кучли кўмаги туфайли Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида тизимли ютуқларга эришилди. Ўзбекистон икки томонлама ўзбек-афғон ҳамкорлиги икки қўшни халқ манфаатлари йўлида ривожланиши ва мустаҳкамланиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Асосий бойлигимиз – миллатлараро тотувлик ва «хилма-хилликдаги бирлик»ни асраб-авайлашимиз, келгуси авлодга етказишимиз лозим. Самимий ва дўстона муносабатга асосланган ўзаро ҳурмат муҳити дунёдаги турли миллат вакилари ягона оила аъзоларидек яшашига хизмат қилади.
ҒайратуллаШукуров,
Миллатлар аро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари.