Банклар аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишда фаол бўлади

16 Dek 2024

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 декабрь куни банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сўнгги йилларда банклар фаолияти маҳаллагача туширилгани ўз натижасини бераяпти. Хусусан, Наманган вилояти Уйчи туманида банклар 3 минг 200 та фаол мижоз билан ишлаб, уларга ёрдам бергани учун 9 минг одам доимий ишли бўлди. Камбағаллар сони 6 мингга камайди.

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги 3 минг 200 та хонадонда лойиҳалар ишга туширилди, 12 минг одам ўз томорқасида даромад топишни ўрганди.

Жиззах вилояти Зарбдор туманида 13 минг 500, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 28 минг иш жойи яратилди. Буларнинг ҳисобига қўшимча 10 мингдан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Умуман, мазкур 4 та – Уйчи, Сайхунобод, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари доирасида йил бошидан буён 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлган. Жами расман банд бўлганлар илк бор 10 миллион 500 минг нафарга етган.

Бундан ташқари, Хўжайли, Асака, Вобкент, Булунғур, Янгиер, Қўштепа, Шовот каби 57 та туманда ишсизлик 5 фоиздан пасайган.

Марказий банк ва жойлардаги банклар бу ижобий тажрибаларни кенгайтириб, халққа мадад бўлиши зарурлиги таъкидланди.

– 2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда шу борадаги янги имкониятлар ва режалар кўриб чиқилди.

Охирги 6 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлган. Улардан 58 минги янги корхона ҳам очган. Энди банклар мана шундай синовдан ўтган мижозларини қўллаб-қувватлаб, кичик ва ўрта бизнес даражасига олиб чиқиши керак.

Шу боис уларга “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида шартсиз 300 миллион сўм кредит берилади. Бу орқали келгуси йилларда 1,5 миллион аҳоли ишли бўлади.

Илгари банклар оилавий тадбиркорлик дастурларига маблағни фақат давлатдан олган. Халқ банки ташаббус қилиб, Осиё тараққиёт банки билан “молиявий оммабоплик” дастури доирасида 50 миллион сўмгача ортиқча ҳужжат ва гаровсиз кредит бераяпти.

Ушбу намуна асосида, келгуси йил 9 та давлат банки 1 миллиард доллар кредит бериб, 250 минг одамни даромадли қилиши мумкинлиги айтилди.

Фаол тадбиркорлар иштирокида 27 та туманда очилган кооперациялар яхши самара бераяпти. Келаси йил 30 та туманда балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик бўйича шундай кооперациялар ташкил қилинади. Бунга 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Ҳам инвестиция олиб келадиган, ҳам кўп иш ўрни яратадиган стартап лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Бунинг учун давлат банклари венчур компания тузиб, маҳалла стартапларига ўз маблағидан жами 50 миллион доллар ажратади. Ҳар бир банк хусусий шерик топиб, стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар очади.

Йиғилишда оғир туманларда ишсизликни камайтириш масаласига алоҳида ёндашилди. Уларга бошқа ҳудудлардан тажрибали тадбиркорлар жалб қилиниб, лойиҳалари учун енгил кредитлар ҳамда инфратузилмасига қўшимча маблағ ажратилади. Бу 1 миллион 300 минг аҳолини даромадли қилиш имконини беради.

Давлат инфратузилма қилиб берса, тадбиркорлар қўшимча 31 триллион сўмлик 3,5 мингта лойиҳа ва 200 мингта янги иш ўрни ташкил этиш ташаббусини билдирган. Келгуси йилда ушбу лойиҳалар инфратузилмасига 1 триллион сўм ажратилиши белгиланди.

Яна бир таҳлил: 85 минг гектар ерда кам даромадли экин экилгани сабабли самараси пастлигича қолмоқда. Шу боис бундай ерлар йирик контурга бирлаштирилиб, етакчи тадбиркорларга иккиламчи ижарага берилади. Ер эгасига ижара ҳақи ва маҳсулотни сотишдан улуш тўланади. Экин экмаган аҳолига ерини бошқасига иккиламчи ижарага бериш ҳақида мажбурий талабнома киритилади. Келаси йил тақсимланадиган 100 минг гектар ер ҳам шу тартибда ажратилади.

60 та илғор шаҳар-туман ишсизлик ва камбағалликдан холи бўлиш имкониятига эга. Бунинг учун келгуси йилда улардаги 2 миллион аҳолини банд қилиб, 417 мингта оилани камбағалликдан олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бу мақсадларга эришиш учун банклар молиявий мустаҳкам бўлиши керак. Шу боис фақат давлат берадиган пулга боғланиб қолмасдан, ташқи манбалардан 6 миллиард доллар жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, келаси йили аҳоли омонатларини 11 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Ҳуқуқий асос яратилгани учун бу йил 5,5 триллион сўмлик микромолия ва факторинг хизматлари кўрсатилган. Бу асосдан фойдаланиб, энди давлат банклари ҳам ўзининг микромолия ва факторинг компаниясини очиши, унга хорижий инвесторларни жалб қилиши мумкин.

Йиғилишда банклар олдидаги муаммолар ҳам таҳлил қилиниб, ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Масалан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Улар сотилса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни учун захира пайдо бўлади. Шу боис банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди.

Кредит қарзи ҳисобидан гаровни суд орқали ундиришга ҳам кўп вақт кетаяпти. Шунинг учун бу борадаги қонунчиликни ўзгартириш, унда гаровга нисбатан банк ҳуқуқлари устуворлигини ҳамда ундирувга қаратилган мулклар тезроқ сотилишини назарда тутиш зарурлиги айтилди.

Ҳокимликлар билан банкларнинг маҳаллаларда мувофиқ ишлаш тизими кўрсатиб ўтилди. Бунда туман ҳокимлари лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади, банклар эса тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, муаммоси бўлса, ҳал этади, ишсизларни бизнесга жалб қилади.

Шу мақсадда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Улар маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамларнинг ғоялари ва қобилиятини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолига молиявий тартибларни, маҳсулот ва хизматларини сотишни ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.

Умуман, жаҳон иқтисодиётидаги бугунги мураккаб шароитда молия-банк тизимининг барча даражаларида молиявий интизом ва шахсий масъулиятни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда ҳокимлар ва банк раҳбарлари 2025 йилда 5 миллиондан зиёд аҳолини даромадли қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш бўйича ҳисоб-китобларини айтди. Мулоқотда ҳудудлардаги ижобий тажрибалар, мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Related