Битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлар белгиланди

08 Avg 2025

Президент Шавкат Мирзиёев 8 август куни олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Охирги етти йилда қабул 4,5 баробар ошиб, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 42 фоизга етган бўлса-да, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмас.

Мисол учун, Жиззахдаги “BYD” заводида 100 та вакант бор. Шунинг тўртдан бири – робототехника ва бўёқлаш, роботларни дастурлаш муҳандислари. Завод тўлиқ қувватга ўтса, малакали кадрларга талаб янада ортади.

Олий таълимда ўқитилаётган кадрлар билан иш берувчилар талаби ўртасида фарқ катта. Оқибатда корхоналар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлаяпти. Ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфлаяпти. Лекин, тўрт йил умрини сарфлаб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи оддий-оддий ишларда банд.

Сўнгги йилларда 40 та олий ўқув юртига молиявий мустақиллик берилгани самарасида иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, хорижий тиллар ва педагогика йўналишидаги муассасаларнинг ўз маблағи пайдо бўлди. Лекин қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар йўналишлари ёшлар учун жозибадор эмас.

Тармоқлар билан боғлиқликни ошириш мақсадида 25 та муҳандислик билим юрти ҳамкор корхоналарда 438 та кафедра очди. Масалан, нефть-газ тармоғи таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилган. Шундай амалиёт натижасида Бухоро техника университетининг 2 мингдан зиёд битирувчиси ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган. Илмий тадқиқотни тижоратлаштириш 10 карра ошган.

Яқин йилларда мамлакатимизда 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ишга тушиши режалаштирилган. Уларнинг ҳисобига саноатнинг ўзида 500 мингга яқин мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлади.

Масалан, Бухоро вилоятида йирик газ-кимё мажмуаси қурилмоқда. Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда Устюртда катта лойиҳалар бошланмоқда.

Буларнинг барчаси олий таълимни соҳалар талаби даражасига кўтариш, кадрлар тайёрлаш сифати ва ёшлар бандлиги қамровини жадал оширишни талаб этади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу борадаги янги ташаббусларни маълум қилди.

Энди қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 тадан кўп бўлган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосида соҳалар ва йўналишлар кесимида мутахассисларга эҳтиёж кўрсатилади. Бу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди.

Бунда ректорлар буюртма асосида ўқиётган талабалар учун, асосий фанлардан ташқари, қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Уларни ўқиган талабаларга кредит баллари берилади.

Талабаларнинг билими иккинчи курсдан кейин уларни ишга олмоқчи бўлган инвесторлар иштирокида йиллик баҳоланади. Битирувчи диплом ишини лойиҳада қўйилган масалалардан келиб чиқиб, ҳимоя қилади. Бир сўз билан айтганда, инвестор талабига мос битирувчилар кафолатли ишга олинадиган бўлади.

Меҳнат муносабатларида хусусий сектор учун манфаатли тизим яратилмоқда. Энди битирувчини ишга олганлик учун тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади. Олий таълим муассасаси уларни бўш ўрин бор корхонага йўналтиради.

Йиғилишда ректорлар ваколати ва масъулиятини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Шу мақсадда Янги Ўзбекистон университетининг баҳолаш тизими бошқа муассасаларда ҳам йўлга қўйилиши белгиланди.

Бунда олий ўқув юртига  битирувчилар бандлигига қараб 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб 30 балл, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун 20 балл, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади. Ушбу балларга қараб, молиялаштириш тизими жорий қилинади.

Янги Ўзбекистон университетида “Ректорлар мактаби” дастури орқали ректор ва проректорликка номзодлар мақсадли тайёрланади.

Энди барча олий ўқув юртлари ташкилий ва академик мустақил бўлади. Жумладан, ректорлар ўринбосарларини ўзи тайинлайди, белгиланган миқдор доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини тақсимлайди. Шунингдек, ректорларга “супер контракт” миқдорини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.

Мутасаддиларга ушбу янгиликларни адолатли ва тизимли йўлга қўйиш топширилди.

Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди.

Маълумки, ҳужжат топширишда абитуриентлар 5 тагача олий ўқув юртини танлаяпти. Бу ёшлар учун жуда катта имконият бўлди.

Энди бу янада кенгайтирилади. Абитуриентлар танловидан бирортасига киролмаган бўлса, лекин бали бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, уларни шартнома асосида қабул қилиши мумкин бўлади.

Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бу йилги 92 минг битирувчининг кейинги фаолиятида кўмаклашиш чора-тадбирлари белгиланди.

Қайд этилганидек, улардан 20 минг нафари магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минги Бандлик вазирлиги орқали стаж талаб қилмайдиган ишларга жойлаштирилади.

Ҳар бир вилоятда “бизнес инкубаторлар” ташкил қилиб, тадбиркорлик, маркетинг, дизайн, ахборот технологиялари соҳаларида 10 минг битирувчини банд қилиш мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, тўқимачилик, электротехника, қурилиш, транспорт, логистика каби иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ёшларни ишли қилиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Тижорат банклари орқали 20 минг битирувчининг бизнес бошлашига кўмаклашиш режалаштирилган. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун Миллий банк ва Алоқа банкка бу йил 300 миллион доллар ажратилган.

Банклар мазкур имтиёзли кредит ресурсининг бир қисмини битирувчиларни ишга олган корхоналарга ҳам бериш ташаббусини билдирди. Энди бундай тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит берилади. Ушбу янги тизим нафақат бу йилги, балки ўқишни тугатганига 3 йил бўлмаган битирувчилар учун ҳам татбиқ қилинади.

Уюшмаган ёшларни алоҳида меҳр-эътиборга олиб, фойдали машғулотларга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди. Уларни касб ва тил тўгараклари, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа мутасаддилари, ректорлар ва тадбиркорларнинг фикрлари эшитилди.

Related