Бухоро вилоятидаги янги лойиҳалар кўриб чиқилди

12 Avg 2025

Президент Шавкат Мирзиёев 12 август куни Бухоро вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Илгари бу ҳудуд иқтисодиёти саноқли тармоқлар билан чекланган эди. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 8 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этилиб, иқтисодиёт таркиби кенгайди. Биргина саноат соҳасида 6 мингта янги корхона очилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 баробардан зиёд ошди.

Туризм инфратузилмаси яхшиланиб, янги масканлар ташкил этилди. Нуфузли меҳмонхона брендлари кириб келди. Йиллик сайёҳлар сони 1 миллион 700 минг нафарга етди.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 5 декабрдаги қарори билан Бухоро вилоятида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган эди. Натижада жорий йил 6 ойда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3 фоизга ошди. 198 та янги саноат корхонасии ташкил топди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,4 фоизга ўсди.

Давлатимиз раҳбари ташаббусига мувофиқ тузилган “Ислоҳотлар штаби” Бухорода ҳам қўшимча имкониятларни юзага чиқармоқда. Тақдимотда мутасаддилар ана шундай янги лойиҳалар тўғрисида ахборот берди.

Масалан, туркиялик тадбиркорлар Пешку туманида графит қазиб олиш ва қайта ишлашга қизиқиш билдирган. Вьетнам компанияси замонавий турар жой, Ҳиндистон корхонаси жарроҳлик маркази қуришни режалаштирган. 217 гектар майдонда 260 та лойиҳани амалга ошириб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Умуман, вилоятда 1 миллиард 700 миллион долларлик 21 та янги лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 32 минг иш ўрни, 180 миллион долларлик экспорт имконияти очилиши кўзда тутилган.

Президентимиз ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Хусусан, Пешку туманида аҳолига ижарага берилган ерларда арзон иссиқхоналар қуриб, экспортбоп экинлар етиштириш йўлга қўйилган. Бу тажрибани оммалаштириб, вилоят бўйича қўшимча 5 минг хонадонда шундай иссиқхоналар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Шофиркон, Ғиждувон, Пешку ва Бухоро туманларидаги 10 минг гектарда узум, Вобкент, Ғиждувон, Жондор, Ромитан ва Когонда 5 минг гектарда ўрик, гилос, анжир каби экспортбоп мева боғларини барпо қилиш бўйича топшириқ берилди.

Бухоронинг қадим зиёратгоҳлари машҳур. Лекин сайёҳларни кўп вақт олиб қоладиган йирик мажмуалар йўқ. Хорижлик инвесторларни жалб этиб, савдо ва кўлгилочар парк очиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Яна бир катта йўналиш – саноат. Вилоятда 2 та йирик нефть-газ корхонаси бор, яна бири барпо этилаяпти, 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари қурилиши жадаллашган. Бу мажмуалар атрофида кичик-кичик корхоналарни жойлаштириб, инвестиция, саноат ва экспорт ҳажмини ошириш мумкинлиги айтилди.

Бухоро вилояти ва туман ҳокимлари аҳоли учун даромад манбаларини кўпайтириб, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш бўйича режаларини баён қилди.

Related