Бюджет маблағларининг молиявий назорати кучайтирилади

10 Iyul 2024

Президент Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларидан фойдаланилиши устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бугун дунёдаги мураккаб жараёнлар иқтисодиётга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Маблағ топиш, жамғариш, кўпайтириш тобора қийин бўлиб бормоқда. Бундай шароитда бор манбалардан самарали фойдаланиш, тежамкорлик ва аниқлик янада муҳим.

Шу йил 16 январь куни иқтисодиётдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бюджет харажатларининг самарадорлиги масаласига алоҳида тўхталиб, молиявий назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Маълумки, бу вазифани Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси амалга оширади. Ҳозирги тизимда фақат бюджет ва мақсадли жамғармалар харажати ташқи аудит билан қамраб олинган. Бу жами харажатларнинг 86 фоизини ташкил этади.

Шу боис Ҳисоб палатаси томонидан консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда ташқи қарз ҳисобидан харажатларни ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат дастурларидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга қаратилган стратегик аудит ҳамда давлат ташкилотларидаги дастурий таъминотлар самарадорлиги бўйича ахборот технологиялари аудити жорий этилиши мўлжалланмоқда.

Юртимизда 30 мингга яқин бюджет ташкилоти ва давлат корхоналари бўлиб, уларни жойига чиқиб ўрганишга кўп вақт ва маблағ кетади. Шунинг учун Ҳисоб палатасида “Масофавий назорат маркази” ишга туширилди. Энди илғор хорижий тажриба асосида 36 та риск-таҳлил мезонлари ва индикаторларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда ҳудудлар ривожига катта маблағлар йўналтирилаяпти. Лекин маҳаллий кенгашлар бюджет муҳокамасида асосан вилоят ёки туман бюджети билан чекланаяпти. Бу – ҳар бир ҳудудга барча манбалардан берилаётган маблағларнинг 65-70 фоизи уларнинг назоратидан четда қолаяпти, дегани.

Шу боис Ҳисоб палатаси бюджет жараёнини нафақат Олий Мажлис палаталарида, балки маҳаллий кенгашларда ҳам муҳокама қилиб бориши кераклиги қайд этилди.

Related