Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази жамоасига

26 Sen 2024

Қадрли юртдошлар!

Аввало, сиз, азизларни бугунги қутлуғ сана – академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилганининг 50 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ўзбекистонда жарроҳлик бўйича етакчи ва нуфузли муассаса ҳисобланган ушбу Марказ кўпмиллатли аҳил жамоасининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида алоҳида ўрин эгаллаб келаётганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Бугунги қувончли айёмда Марказни ташкил этиш, унинг тиббий салоҳиятини оширишда беқиёс хизматлар қилган табаррук инсонлар, хусусан, халқаро миқёсда тан олинган атоқли олим Восит Воҳидовнинг хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёдга оламиз. Ўзбекистон тиббиёт илмида ёрқин из қолдирган ана шу фидойи ва жонкуяр инсоннинг саъй-ҳаракатлари билан Марказ фаолияти самарали йўлга қўйилиб, янги диагностика ва даволаш усуллари клиник амалиётга биринчилардан бўлиб жорий этилди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ҳозирги кунда Марказ фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, дунёнинг етакчи илмий марказлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Тиббий диагностика ва даволашнинг илғор ва самарали усуллари кенг татбиқ этилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда мазкур шифохонада 200 дан ортиқ янги жарроҳлик амалиёти жорий этилиб, қорин ва кўкрак соҳаси ҳамда юрак қон-томир касалликлари бўйича энг мураккаб ва юқори технологик операциялар бажарилаётгани диққатга сазовордир.

Бу ҳақда сўз юритганда, юртимизда илк бор шу масканда йўлга қўйилган тажриба асосида 1 минг 500 та буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш операцияси, жумладан, туманларда 200 та буйрак трансплантацияси амалга оширилганини таъкидлаш лозим.

Ҳеч шубҳасиз, бундай натижаларга эришишда мамлакатимизда хирургия хизматини ислоҳ этиш, ҳудудларда унинг сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш, Марказ ва унинг филиаллари моддий-техник базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар муҳим омил бўлмоқда.

Энг асосийси, оғир хасталиклардан азият чекаётган қанча-қанча юртдошларимиз кўп вақт ва маблағ эвазига хориждаги клиникаларга бориш азобидан қутулиб, ўзимизда даво топмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз ҳаётини инсон саломатлигини сақлашдек ғоят олижаноб ишга бағишлаган Марказнинг бутун жамоасига – ҳурматли профессор ва тадқиқотчилар, моҳир жарроҳ ва шифокорлар, жонкуяр ҳамширалар, мутахассис ходимларга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Албатта, Марказ ва унинг минтақавий филиаллари, туман тиббиёт бирлашмаларининг хирургия бўлимларини модернизация қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сизларнинг машаққатли меҳнатингизни рағбатлантириш келгусида ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Сиз, азизларни бугунги қувончли айём билан яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related