Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар

18 Iyul 2024

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми, Ректорлар форуми, Авлодлар мулоқоти ва қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинди.

Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар, ишбилармонлар, экспертлар ва жамоатчилик даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва бошқа кўп томонлама майдонлар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, энг аввало, импорт ўрнини босиш дастурлари ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шу мақсадда ташриф давомида ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган дастур қабул қилинмоқда.   Бундан ташқари, яқин йилларда 2 миллиард доллар кўрсаткичига чиқиш учун пойтахтларда савдо уйлари ташкил этилади, экспорт-импорт шартномалари тўплами шакллантирилади, экспортолди молиялаштириш воситалари жорий этилади, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини тезкор ташиш бўйича «яшил йўлак» ишга туширилади.

Саноат кооперацияси доирасидаги жорий лойиҳалар портфели 300 миллион долларга етгани таъкидланди. Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқларда савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг янги тўплами қабул қилинди.

Бундай лойиҳаларни илгари суриш учун Ўзбекистон-Қирғизистон жамғармасининг устав капитали 200 миллион долларгача оширилади.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш этиб белгиланди.

Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича битимни тез фурсатда имзолаш ва лойиҳанинг амалий босқичини бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик дастури тайёрланади.

Минтақада транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа тўғрисидаги уч томонлама битим имзолангани бу борада тарихий воқеа бўлди.

Учрашувда истиқболли транспорт лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий драйверлари экани таъкидланди. Шу маънода, Бош вазирлар раислигидаги Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ҳудудлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари жадвалини тайёрлаш ва қўшма «йўл хариталари»ни янгилашга келишиб олинди.

Қишлоқ хўжалиги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этишни назарда тутувчи агрокооперация дастурини амалга оширишга келишиб олинди.

Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.

Шу маънода, ташриф арафасида Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.

Келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олинди.

Йиғилишда Бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ бердилар.

Related