Инфографика: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик

18 Fev 2026

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан жорий йилнинг 17–19 февраль кунлари Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрига боради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сўнгги 9 йилдаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик кўрсаткичлари бўйича инфографика тайёрланди.

Тарихий ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президенти икки томонлама Ўзбекистон–Америка ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, БМТ томонидан ташкил этилган тадбирларда иштирок этиш мақсадида АҚШга бир неча бор амалий ташрифлар билан борган. Давлат раҳбарининг АҚШга биринчи расмий ташрифи АҚШ Президентининг таклифига биноан 2018 йил 15–17 май кунлари бўлиб ўтган. Ташриф доирасида Оқ уй, Конгресс ва Пентагонда музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон–Америка муносабатларини ривожлантиришнинг янги босқичига асос солган муҳим келишувлар имзоланган.

Сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги мулоқот икки томонлама учрашувлар ҳамда минтақавий ташаббуслар, жумладан “С5+1” формати доирасида изчил ривожланди.

2025 йил 20–24 сентябрь кунлари давлатимиз раҳбарининг Нью-Йорк шаҳрига амалий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида иштирок этди. Ташрифнинг марказий воқеаси Давлатимиз раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви бўлди. Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон–Америка стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олдилар.

АҚШга ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Америка бизнес ҳамжамияти иштирокида “давра суҳбати” ўтказди, шунингдек қатор етакчи трансмиллий компаниялар, корпорациялар, инвестиция жамғармалари ва молиявий институтлар раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари имзоланган икки томонлама савдо шартномалари ва инвестиция битимларини алмашиш маросимида иштирок этди. Ушбу келишувлар муҳим минераллар, фуқаролик авиацияси, кимё саноати, энергетика ҳамда бошқа устувор соҳаларни қамраб олди.

Икки томонлама давлатлараро муносабатларни савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларида янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан эътиборан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий этилди.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари

Мамлакатлар ўртасида савдода энг кўп қулайлик яратиш режими амал қилади.

2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробарга ошиб, 215 млн доллардан 1 млрд долларга етди. Экспорт ҳажми 9,1 баробарга ўсиб, 32,1 млн доллардан 291,7 млн долларга, импорт эса 3,9 баробарга ошиб, 182,9 млн доллардан 712,3 млн долларга етди.

Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон ташқи савдосида АҚШ улуши ҳам ўсди: умумий товар айирбошлаш ҳажмида 0,8%дан 1,2%га, экспортда 0,3%дан 0,9 %га, импортда эса 1,3%дан 1,5%га кўтарилди.

АҚШга экспорт таркибида асосий улуш хизматлар ҳиссасига тўғри келади — 81% (дастурлаш, молиявий, ахборот ва транспорт хизматлари), шунингдек нефть маҳсулотлари — 8,6% (авиакеросин ва бошқалар). Кейинги ўринларда машиналар ва ускуналар — 3,7%; озиқ-овқат маҳсулотлари — 3,5% (қуритилган мева-сабзавотлар, зираворлар, гуруч ва бошқалар); саноат товарлари — 3,3% (алюмин таёқлар ва профиллар, рений метали ва бошқалар); турли тайёр маҳсулотлар — 0,9%; кимёвий моддалар — 0,4%; ичимликлар ва тамаки — 0,2%; ноозиқ-овқат хомашёси — 0,1%ни ташкил этади.

АҚШдан импорт таркибида эса машиналар ва ускуналар устунлик қилади — 59% (учиш аппаратлари, автомобиллар ва уларнинг қисмлари, ҳисоблаш машиналари блоклари, двигателлар, насослар, станоклар ва саноат қурилмалари). Шунингдек, хизматлар ҳам салмоқли улушга эга — 20,5% (молиявий, лицензия, лизинг ва транспорт хизматлари). Кейинги ўринларда кимёвий моддалар — 9,7% (дори воситалари, боғловчи ва косметик моддалар); саноат товарлари — 3,8% (пластмасса ва қора металл маҳсулотлари ва бошқалар); озиқ-овқат маҳсулотлари — 3,2% (қуш гўшти ва субмаҳсулотлар); турли тайёр маҳсулотлар — 2,2% (асбоб-ускуналар, приборлар, қоғоз маҳсулотлари); ноозиқ-овқат хомашёси — 1,1% (целлюлоза ва бошқалар), шунингдек, ичимликлар ва тамаки — 0,5%ни ташкил қилади.

Инвестициявий ҳамкорлик

2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги 346 та корхона фаолият юритмоқда. Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар умумий сонининг тахминан 2%ини ташкил этади. Шундан 146 таси қўшма корхоналар, 200 таси эса АҚШ капитали иштирокидаги хорижий корхоналар ҳисобланади.

Сўнгги 9 йилда АҚШдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми қарийб 64 баробарга ошиб, 2017 йилдаги 8,6 млн доллардан 2025 йилда 383,2 млн долларга етди.

Умуман олганда, 2017–2025 йилларда АҚШдан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 2,9 млрд доллардан ошди.

Инвестициялар асосан қайта ишлаш саноатига (металлургия, автотранспорт воситалари, ичимликлар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш), кончилик-горноруд саноатига, қурилишга, хизматлар соҳасига (кўчмас мулк операциялари, таълим), шунингдек қишлоқ хўжалигига йўналтирилган.

 

 

 

Related