Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Исломободдаги “Daily Ittehad” медиа уйи билан ҳамкорликда покистонлик таниқли журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон томонидан урду тилида ёзилган “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – келажак концепти” номли бадиий-публицистик китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Мазкур китобда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясининг мазмун-моҳияти, унинг маънавий илдизлари ва глобал аҳамияти батафсил таҳлил қилинган. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси ва унинг тарихий асослари билан бир қаторда, келажак цивилизацияси учун аҳамияти таъкидланган. Муаллиф ушбу ғоя ўзбек халқининг буюк аждодлари меросидан илҳомланиб, замонавий тараққиёт, маърифат ва инсонпарварлик тамойилларини уйғунлаштиришга қаратилганини алоҳида урғулаган.
Асарда Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғлайдиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган ташаббуслари ва уйғун интилишларига эътибор қаратилган. Муаллиф таъкидига кўра, бу жараён том маънода қайта тикланаётган афсонавий Буюк ипак йўлидир. Китобда нафақат Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнлари қаламга олинган, балки Янги Ўзбекистон тараққиёт йўли Покистон ва бутун Шарқ учун намуна бўлиши таъкидланган.
Тақдимот маросимида Покистон Ҳукумати ва парламенти аъзолари, Исломободда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, етакчи эксперт-таҳлил, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Покистон ахборот ва радиоэшиттиришлар вазири Атаулла Тарар асосий меҳмон сифатида қатнашди.
Тадбир аввалида икки давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон Президентининг сўнгги тўққиз йиллик фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Анжуманни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев қутлов нутқи билан очиб берди. Дипломат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланишлар самараси ўлароқ, очиқлик ва бунёдкорлик даврига қадам қўйганини билдирди.
«Сўнгги тўққиз йилда юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим ва маданий-маърифий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти икки баробарга ўсиб, 115 миллиард АҚШ долларига етди. Экспорт ҳажми 26 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар ҳажми эса 130 миллиард доллардан ошди. Минглаб янги корхоналар ташкил этилди», – деди Ўзбекистон расмий вакили.
Шунингдек, Ўзбекистон элчиси мамлакат тараққиёти марказида инсон манфаатлари, билим, меҳнат ва маънавий юксалиш устувор аҳамият касб этишини, давлатимиз раҳбари илгари сурган Учинчи Ренессанс ғояси айнан шу тамойилларга асосланганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, юқори даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши иш бошлагани, Тошкент, Исломобод ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани айтиб ўтилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасига эътибор қаратилди. Лойиҳа минтақада тинчлик, ўзаро ишонч ва иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамловчи, Марказий ва Жанубий Осиёни қайта боғлайдиган стратегик ташаббус сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбари тақдимоти ўтказилаётган асар муаллифи Муҳаммад Аббос Хон ва «Daily Ittehad» медиа уйи раҳбариятига мазкур китобнинг ёзилиши ва чоп этилишида қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Таъкидланганидек, асар Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
«Daily Ittehad» медиа уйи раҳбари Тоҳир Фаруқ ўз навбатида, «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – келажак концепти» китобининг чоп этилишида иштирок этганидан хурсандлигини билдирди. «Ушбу китоб нафақат Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлар тўплами, балки мамлакатда кечаётган ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнларининг жонли аксини ўзида мужассам этган муҳим асар ҳамдир, – деди у. – Китоб нутқлар тўплами ёки бошқа муаллифнинг асари таржимаси эмас, балки Муҳаммад Аббос Хоннинг беш йиллик кузатувлари самарасидир. Муаллифнинг кузатувлари ва таҳлиллари Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўлини англашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, асар Янги Ўзбекистонда кечаётган тарихий даврнинг муҳим ҳужжати сифатида ҳам қадрли ҳисобланади».
Ахборот ва радиоэшиттиришлар вазири Атаулла Тарар ўз нутқида, Ўзбекистон ва Покистон халқларининг тарихий боғлиқлиги тўғрисида тўхталиб, ўзбек замини дунёга Темурийлар сулоласининг буюк вакилларини, жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларни етказиб берганини ёдга олди. Вазирнинг айтишича, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи ҳудуд азалдан Буюк ипак йўлининг муҳим таркибий қисми бўлган, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистоннинг замонавий сиёсати айнан шу тарихий ҳамкорлик майдонини қайта тиклашга қаратилган.
Нутқининг якунида вазир Атаулла Тарар Покистон Ахборот ва радиоэшиттириш вазирлиги мазкур китобни ва Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояларини Покистон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Муаллиф Муҳаммад Аббос Хон чиқишида мазкур китобни ёзиш жараёни, унда акс этган ғоялар ва асарнинг асосий мақсади ҳақида тўхталди. Муаллифга кўра, ушбу китоб унинг изланишлари, кузатувлари ва шахсий таассуротларига асосланган бўлиб, Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнлари холисона ёритилган.
«Ўзбекистондаги улкан ўзгаришларни, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва жамиятдаги очиқлик, инсон қадрини юксалтириш, таълим ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган сиёсатни ва унинг самарали натижаларини бевосита кузатиш имконига эга бўлдим. Бугун Ўзбекистон Янги уйғониш даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғояси эса келажакка ишонч, илмий ва маънавий тикланиш, инсон имкониятларини ривожлантириш сиёсатига асосланган умуминсоний тажриба намунасидир» – деди Муҳаммад Хон.
Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – келажак концепти» китоби Покистон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг янги тарихий тараққиёт йўли билан таништириш, икки халқ ўртасидаги маданий ва маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашда ноёб манба бўлиб хизмат қилади.